Андижонда

ҚОНУНИЙ ҚИЛИНАЁТГАН «СНОС»ДАН ОДАМЛАР РОЗИ


14.10.2021   361

Бугун озод ва обод юртимиз янада чирой очмоқда. Айниқса, вилоят ҳудудларида қурилаётган, иқтисодий, маданий-маърифий тараққиётимизга хизмат қиладиган иншоотлар кўзимизни қувонтирмоқда. Андижон вилоятида ҳам сўнги 4-5 йил ичида кўплаб қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 17-18 июнь кунлари Андижон вилоятига ташриф буюриб, вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар. Ташриф давомида муҳтарам президентимизни Андижон шаҳар Бобур шоҳ кўчасини боғловчи автомобиль йўл ўтказгич (кўприк) қуриш лойиҳасини амалга оширишга берган топшириқлари ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилиш қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан кўприк узунлиги 695 пм, йўл ўтказгич қисми 26 метр, энг баланд нуқтаси 10 метрга тенг янги технология асосида барпо этилиши кўзда тутилган, лойиҳа қиймати 250 млрд. сўмлик кўприк қурилишига, ушбу худуддан 1.8 гектар ер майдони давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан худудда жойлашган фуқароларнинг турар жой бинолари бузилишга тушган эди.

Маълумки, ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарори билан тасдиқланган низомга асосан тартибга солинган.

Ўтган қисқа вақт мобайнида амалдаги қонунчилик талаблари асосида Андижон шаҳар Бобур шоҳкўчаси автомобиль йўлини туташтирувчи кўприк қурилишининг ҳимоя ҳудудидаги бузилишга тушган 72 та хонадон эгалари билан очиқ муҳокама ўтказиш, компенсация пулларини тўлаш юзасидан вилоят ҳокимлиги штаби ташкил этилиб, «снос» жараёни қонунийлигини таъминлаш ва фуқароларга ҳуқуқий жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида адлия ходимлари шунингдек, 10 нафар нотариуслар жалб этилди.

Қонун ҳужжатларига қатъий амал қилган ҳолда Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг қарори асосида ҳокимлик ва мулкдор ўртасида очиқ муҳокама ўтказилиб, мулкдорларнинг ер участкасини давлат ва жамоат эхтиёжлари учун олиб қўйилишига дастлабки розиликлари олингандан сўнг, Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ер участкасини олиб қўйилиши ҳақида тегишли қарори қабул қилинди. Шундан кейин Андижон шаҳар ҳокимлиги мулкдорлар билан келишиш ишларини амалга оширди. Олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг бозор қийматида мустақил баҳоловчи ташкилотлар томонидан баҳоланди. Ҳокимлик ҳамда мулкдорлар ўртасида икки томонлама келишув битимлари имзоланиб, нотариал тартибда тасдиқланди.

Ҳокимлик томонидан 72 та хонадон эгаларининг уйлари бозор қийматида баҳоланиб, 30 млрд сўм миқдорида компенсация пуллари уй бузилишидан аввал тўлиқ тўлаб берилди.

Амалдаги тартиб бўйича кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.

Шунга кўра, мулкдорларга компенсация пуллари тўлиқ тўлаб берилгандан, турар-жой бинолари бўшатиб қўйилгандан сўнг адлия бўлимининг ижобий хулосаси асосида ҳокимнинг турар-жой бино-иншоотларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Хулоса қилиб айтганда, қонун устуворлигини таъминлаш бугун юртимизда бўлаётган бунёдкорлик, ободончиликни ва кундан-кунга гўзаллашиб бораётган шаҳару қишлоқларни кўриб, кишининг кўзи қувонади.

А. ДАДАЖОНОВ,

Андижон вилояти

Адлия бошқармаси бошлиғи.