Қорасув шаҳрида ҳам маҳалла газчилари истеъмолчиларнинг муаммоларини бартараф этмоқдалар
18.02.2026 62
Баҳромжон Анорбоев ҳам “Қорасувшаҳаргаз” газ таъминоти бўлимида маҳалла газчиси лавозимида меҳнат қилиб келмоқда. Ходимга шаҳардаги “Юксалиш”, “Дўстлик”, “Аҳмад Яссавий” ва “Амир Темур” маҳаллалари бириктирилган бўлиб, ушбу маҳаллаларда жойлашган ҳовли уйлардаги истеъмолчилар сони жами 2 мингдан ортиқниташкил этади.
Маҳалла газчисининг ҳар кунлик фаолияти бугунги кунда онлайн тизим орқали келган топшириқларни бажариш билан ўтмоқда. Бунда муаммоли хонадонларнинг аниқ манзилли рўйхати асосида хонадонларга бориб, уларнинг электрон газ ҳисоблаш ускунасида юзага келган муаммоларни бартараф этади. Аҳоли хонадонларида ўрнатилган электрон газ ҳисоблаш ускунаси созлигини текшириш тадбирлари ҳам маҳалла газчисининг кун давомидаги вазифаларидан бирига киради.
“...Кунда махсус мобил илова орқали топшириқлар оламиз, - дейди Баҳромжон Анорбоев. – Менга бириктирилган маҳаллалар ўрамида 2 042 нафар истеъмолчи мавжуд бўлиб, ҳар бир маҳалла раиси ёки еттилиги билан ҳамкорликда ишлаб келмоқдамиз. Мана ҳозир “Дўстлик” МФЙ “Халқ сўзи” кўчаси 105-уйда яшовчи истеъмолчи хонадонига ўрнатилган ҳисоблагичдаги муаммо бўйича топшириқни ечгани келдим. Буни якунлагач, навбатдаги топшириқ бўйича белгиланган манзилга кетаман...”
Айтиш керакки, бугунги кунда газ таъминоти соҳасида “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилгани мақсадга мувофиқ бўлди. “Маҳаллабай” ишлаш тизимининг афзаллиги шундаки, истеъмолчи энди сарсон бўлмайди, газ билан боғлиқ муаммоси бўлса, маҳалласига бориб, ҳудудга бириктирилган газчи кўмагидан фойдаланади. Шу билан бирга, вақт йўқотишларнинг олди олинади. Бу аҳолини, хусусан, ҳар бир маҳалладаги истеъмолчиларнинг газ билан боғлиқ муаммоларини тезкор ва жойида ҳал этиш имконини бермоқда.
Маҳалла газчиси бўлган Б.Анорбоев муаммоларни бартараф этиш асносида истеъмолчилар билан суҳбатлашиб, табиий газдан тўғри фойдаланиш, хавфсизлик қоидаларига риоя этиш, замонавий энергия тежамкор газ ёндиргичларидан фойдаланиш ва бошқа зарур қоидалар бўйича огоҳлантириш бериб келмоқда.Шунингдек, ҳудудидаги табиий газдан қарздор хонадонларни қарзини сўндириш бўйича суд-ҳуқуқ органларига ҳужжатлар тайёрлаб, мавжуд қарздорликларни бартараф этишда тарғибот ва амалий ҳаракатлар олиб бормоқда.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати
