Коррупцияга қарши курашиш адолатли жамият барпо этишда муҳимдир
28.05.2025 378
Маълумки, бугун маъмурий судлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари ҳамда мансабдор шахслар билан муносабатларидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи муҳим тузилма сифатида фаолият юритмоқда. Соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасидаги катта ислоҳотлар боис ижобий натижалар кўзга ташланаётир.
Коррупция маъмурий муносабатларда қонунийликка, холисликка ва адолат тамойилларига жиддий зиён етказади. Бу иллат фуқароларнинг давлат органларига ишончини пасайтиради, ҳуқуқий ечимлардан қониқиш даражасини туширади ва иқтисодий ривожланишга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шу боис коррупцияга қарши курашиш борасидаги катта саъй-ҳаракатлар жараёнида маъмурий судлар зиммасига ҳам жиддий масъулият юкланмоқда. Хусусан, маъмурий судлар коррупция ҳолатларига имкон бермаслик, давлат идораларининг фаолияти устидан самарали суд назоратини амалга ошириш орқали адолатни таъминлашда фаол қатнашмоқда.
Таҳлилларга кўра, айни пайтда маъмурий судлар томонидан давлат органлари қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан кўриб чиқилаётган ишларнинг сони ва кўлами ортиб бормоқда. Бу эса фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий онги ва фаоллигининг ўсиб бораётганини англатади.
Жамоатчиликка яхши маълум, жорий йилнинг 5 март куни ҳурматли Президентимиз Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича амалга оширилган ишларга баҳо бериб, келгусидаги вазифаларни аниқ белгилаб бердилар.
Хусусан, “Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш – бу одил судловга соя солиш деб баҳоланиши” ҳамда бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлиши ҳақида барчани огоҳлантирдилар.
Шу ўринда, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада ошириш ҳамда суд ҳокимияти тизимида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишни самарали йўлга қўйиш бўйича “инсон-жамият-давлат” тамойили асосида изчил ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлаш жоиз. Юқорида қайд этилганидек, маъмурий судлар айни жараёнда фаол иштирок этиб, ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ишончини мустаҳкамлаш ва адолатли жамият қуришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Аҳмадилло Исақулов,
Андижон вилояти маъмурий судининг судьяси
