КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ БАРЧАНИНГ БУРЧИ
27.05.2022 671
Вилоят коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг йиғилиши бўлди. Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Матлубахон Ғаниева олиб борди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўринбосари Умида Тухташева, молия вазирлигининг давлат молиявий назорати департаменти бошлиғи Баҳром Утамбетовлар сўзга чиқишди.
Андижон вилоятида 2021 йилда 471 нафар мансабдор шахс коррупцияга оид жиноятлар содир этди. Шундан 21 нафар вилоят, 450 нафари туман-шаҳар даражасидадир. Андижон шаҳрида 59 та, Андижон туманида 39 та, Асака туманида 31 та коррупция билан боғлиқ жиноят юз берди.
Бу коррупцияга қарши курашишни янада кучайтиришни тақазо қилади. Ана шу иллатга қарши курашиш барчанинг бурчи бўлиши керак.

Халқ депутатлари вилоят кенгашининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссияси раиси, ҳудудий кенгаш аъзоси Мансуржон Бобахонов коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши томонидан Асака тумани ҳокимлигида коррупцияга қарши кураши ва унинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишларни ўрганиш бўйича ахборот берди. Вилоят прокурорининг ўринбосари Дониёр Масалиев ижро ҳокимияти органларида коррупциянинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сўз юритди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Юсупов соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида учраётган коррупциявий жиноятлар таҳлилига тўхталди.
Йиғилишда коррупцияга қарши курашни ҳар томонлама кучайтириш, жамоатчилик назоратини янада фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Аҳмадилло СОЛИЕВ.
Суратларда: йиғилиш жараёни.
Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.
