Андижонда

Коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки


03.10.2025   614

Сўнгги йилларда юртимизда коррупцияга қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, маъмурий ва давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, республикада коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича аниқ тизим яратилган бўлиб, соҳага оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб олинган.

Олий Мажлиснинг ҳар иккала палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш ташкил қилинган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги Фармонига мувофиқ, қонунийлик, мустақиллик ва холислик тамойиллари асосида фаолият юритувчи Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилган. Унинг вазифалари қаторига коррупцияни ўрганиш, фуқаролик жамияти билан ўзаро ҳамкорлик ва шаффофликни ошириш масалалари киритилган.


Шунингдек, ўтган йиллар давомида коррупциянинг олдини олишга қаратилган муҳим превентив механизмлар яратилгани, давлат бошқарувида бюрократияни камайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш, рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг муҳим элементлари бўлиб хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда мамлакатда бу иллатга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлашга эришилди. Хусусан, 2017 йилнинг 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун, 2019 йил 27 майда “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди. Шу билан бирга, янги таҳрирдаги конституциянинг 4 та – 93, 95, 109 ва 115-моддаларида тааллуқли нормалар ҳам акс эттирилган.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги Президент Фармонида коррупциявий омилларни бартараф этиш тизими самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган мақсадли кўрсаткичлар белгиланганини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.

Жорий йилнинг 19 сентябрь давлат раҳбари томонидан имзоланган 288-сонли Қарор фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги иштирокини янада кенгайтириш ва бу борадаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлашда янги даврни бошлаб берди.

Унда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси қоидалари, Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш, шунингдек, 2025 йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсад қилинган.

Қарорда илмий ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, соҳадаги ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини ҳар бир соҳа ва ҳудуд кесимида таҳлил қилиш тизимини жорий этиш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш ва илғор тажриба алмашиш борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, социологик, илмий ва амалий тадқиқотларни тизимли асосда, миллий ва халқаро грантларни жалб этган ҳолда амалга ошириш, соҳада фаолият юритувчи олимлар, экспертлар ҳамда тадқиқотчилар фаолиятини илмий-услубий таъминлаш кўзда тутилган.

Шунингдек, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси қоидаларининг бажарилишини мониторинг қилишга ННТлар жалб этилиб, улар томонидан муқобил баҳолаш тизими йўлга қўйиш белгиланган. Жамоат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги лойиҳаларига ҳар йили 10 млрд сўм миқдорида грантлар ажратиш ва ижтимоий буюртмалар бериб бориш режалаштирилган.

Бунда ушбу мақсадлар учун маблағлар Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига ажратилган маблағларнинг йил давомида иқтисод қилинган қисми ҳамда Агентлик томонидан ташкил этиладиган рейтинг баҳолаш натижаларига кўра “қониқарсиз” деб топилган давлат органлари ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ажратиб борилиши назарда тутилган.

Шу билан бир қаторда, Агентликнинг ижтимоий буюртмаси асосида соҳалар ва ҳудудлар кесимида маиший коррупция ҳолатларини келтириб чиқарадиган омиллар ва унга фуқароларнинг муносабатини ўрганиш мақсадида ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳам асосий чора-тадбирлар сифатида белгиланган.

Қайд этиш керакки, коррупцияга қарши курашиш соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш, унга қарши курашиш муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот маркази фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан 13 та банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланган бўлиб, асосий эътибор бу борада нодавлат ташкилотлар иштирокини янада кучайтириш, соҳага йўналтирилган минтақавий тадқиқот марказини ташкил этиш, марказ фаолиятини услубий ва амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларига қаратилган.

Фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ вакиллари ва кенг жамоатчиликни ушбу иллатга қарши курашишга самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали жалб этиш олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир.

Адҳамжон УЗОҚЖОНОВ,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази

вилоят ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.