Коррупцияга тоқатсиз давлат юксак тараққиётга юз тутади

19.03.2025 303
Сўнгги йилларда юртимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар кўлами алоҳида эътибор ва эътирофга лойиқ. Зеро, коррупция, пора олиш ва бериш билан боғлиқ жиноятлар ўта хавфли бўлиб, ушбу жиноятлар давлатнинг сиёсий ва иқтисодий асосига путур етказади, жамиятни муҳим ресурслардан маҳрум қилади, давлат идоралари, хусусан суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бевосита салбий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, жамоатчиликнинг судга бўлган ишончини пасайтиради, ўз навбатида судларни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кафолатлаш қобилиятидан маҳрум қилади ва судьяларнинг ўз вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиб, жуда оғир оқибатларга олиб келади.
Судлар коррупцияга қарши курашда ва унинг олдини олишда алоҳида ўрин тутади. Айнан судлар коррупцияга оид жиноятларга нисбатан қонуний ва адолатли ҳукмлар чиқариб, коррупциянинг қанчалик хавфли эканлигини жамоатчиликка етказади.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ҳар бир соҳада коррупцияга қарши кураш бўйича ҳуқуқий ва ташкилий база яратилган. Бу борада давлатимиз раҳбарининг бир қатор қонун, фармон ва қарорлари қабул қилинган бўлиб, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жамиятда коррупцияга қарши курашда етакчи тамойил бўлиб хизмат қилмоқда.
2025 йил 5 март куни Олий Мажлис Сенатида ўтказилган коррупцияга қарши кураш миллий марказининг навбатдаги йиғилишида, давлатимиз раҳбари томонидан коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз бўлиш, давлат органлари ва ташкилотларда коррупцияга йўл қўймаслик, коррупцион хавфни юзага келтирувчи омилларга қарши курашишнинг чора-тадбирлари ва бу иллатга қарши жамиятнинг барча вакиллари иштирок этиши лозимлиги, коррупция омилларини аниқлаш ва бартараф этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида кенг ҳамкорлик йўлга қўйилиб, ушбу иллатга қарши муросасиз кураш олиб борилиши лозимлиги ҳақидаги фикрлар баён этилди.
Шунингдек, йиғилишда Президент судларни коррупцияга қарши курашда ва унинг олдини олишда тутган ўрнига катта баҳо бериб, айнан судлар томонидан коррупция билан боғлиқ жиноят ишларини кўриш, айбдор шахсларга муносиб жазоларни тайинлаш ва содир бўлган жиноятнинг шарт-шароитлари ҳамда сабаблари бўйича хусусий ажримлар чиқариб, уни жойларда муҳокама этиш коррупцияга қарши курашда катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Ўз навбатида Президент томонидан одил судловга эришиш ва судьяларнинг чин маънода мустақил бўлиши демократик давлатнинг асосий белгиларидан бири эканини таъкидлаб, судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш ва тизимда коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланганини алоҳида эътироф этди.
Президент томонидан юқоридаги мажлисда белгилаб берилган вазифалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов томонидан судьялар ва суд ходимлари иштирокида ўтказилган йиғилишда ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Олий суд раиси томонидан қабул қилинган мурожаатномада, ҳар бир судья ва суд ходими ўз вазифаларини ҳалол, виждонан бажариши, порахўрлик ва коррупциянинг бошқа кўринишларининг олдини олиши, пора таклиф этилганда дарҳол бунга қарши зарур чораларни кўриши кераклиги алоҳида таъкидланди.
Бугунги кунда судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги касбий фаолиятини ташқи таъсирлардан самарали ҳимоя қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмлар яратилган бўлиб, суд жараёнларига замонавий ахборот технологиялари изчил ва тизимли равишда жорий этилмоқда. Шу билан бирга, юқори малакали суд корпусини шакллантириш, судьялар ва суд ходимлари ўртасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва уни эрта аниқлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупцияга тоқат қилиб бўлмаслиги, судьяларнинг касбий малакаси, маънавияти ва масъулиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш Олий суд раисининг диққат эътиборида туриши алоҳида таъкидланди.
Умуман олганда, судлар томонидан коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан қонуний ва адолатли жазоларни белгилаш энг долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, сўнгги йилларда коррупция жиноятлари йилдан-йилга ошиб бормоқда, бу туркум жиноятларни фош этиш ва уларга адолатли жазо тайинлаш, давлатимиз раҳбарининг бу соҳада олиб бораётган мақсадли ва тизимли сиёсатининг натижаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг коррупцияга қарши курашда фаоллашганининг яна бир далилидир.
Бундан ташқари, суд фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, адолатли суд қарорларини қабул қилиш ва аҳолининг судга бўлган ишончини ошириш мақсадида давлат раҳбарининг топшириғи бўйича, Олий суд раисининг ташаббуси билан бугунги кунда суд фаолиятига илғор халқаро тажрибага асосланган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилмоқда.
Хусусан, судларга сунъий интеллектни жорий қилиш орқали судларнинг очиқлигини ва самарадорлигини, қабул қилинаётган ҳужжатларнинг сифатини ошириб, суд жараёнларида жамоатчиликнинг кенг иштирокини таъминлайди ҳамда тизимда коррупция, бюрократия ва ҳокимиятни суиистеъмол қилиш каби салбий ҳолатларга тўлиқ барҳам беради, деб ишонамиз.
Хулоса қилиб шуни таъкидлаш керакки, адолатнинг асоси бўлган суд тизимидаги коррупция бўлиши мумкин эмас. Ҳар бир судья коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш учун шахсан жавобгар бўлиб, бу ишга барчамиз долзарб вазифа сифатида ёндашишимиз керак. Зероки, юқоридаги вазифалар судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш ва уларнинг обрўсини оширишда ҳар биримизга катта масъулият юклайди.
Зафаржон Омонов,
жиноят ишлари бўйича Андижон тумани судининг раиси