Краснодарлик журналистлар таҳририятда
01.08.2024 632
Вилоятимиз Россия Федерациясининг турли ҳудудлари билан ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларда икки томонлама манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаб бормоқда. Куни кеча Краснодар ўлкасининг бир гуруҳ делегацияси расмий ташриф билан Андижонга келишди. Делегация таркибидаги журналистлар вилоятимиздаги оммавий ахборот воситалари фаолияти билан танишдилар.
Краснодар ўлкасининг Ахборот сиёсати ҳудудий департаменти раҳбари ўринбосари Павел Тычинкин бошчилигидаги ижодий гуруҳ “Андижоннома” ва “Андижанская правда” газеталари таҳририятида бўлдилар. Меҳмонлар ўзларини таништиргач, Краснодарда чоп этилаётган газеталар, юритилаётган расмий интернет сайтлари ва тармоқлар ҳақида маълумотлар беришди.
-Вилоятингиз билан турли йўналишлар қатори ахборот соҳасида ҳам ҳамкорлик ўрнатишни мақсад қилганмиз. – деди П.Тычинкин. - Расмий сайтлар, босма нашрлар тезкор ва ҳаққоний ахборотнинг энг ишончли муаллифларидир. Шунинг учун бу ҳамкорлик ҳар икки тараф учун манфаатли бўлади, деган умиддамиз.
Евгений Хомутов ўзи муҳаррирлик қилаётган “Кубанские новости” газетаси ва унинг сайти, бугунги ўқувчиларнинг хоҳиш ва талаблари ҳақида гапирди.
“Андижоннома” газетаси жамоаси россиялик меҳмонларга таҳририятнинг бугунги фаолияти, аndijonnoma.uz сайтининг ахборот манбалари, мазмун-моҳияти, кўрувчилар сони ҳақида ахборот бердилар.
Самимий мулоқот шаклида ўтган учрашув давомида меҳмонлар ва таҳририят жамоаси Краснодар ўлкаси тадбиркорларининг вилоятимиздаги олиб бораётган лойиҳалари, Краснодардаги ўзбеклар ҳаёти ҳақида ахборот алмашинув жараёнларини йўлга қўйиш ҳақида келишиб олдилар.