Атрофга назар

Кредит ва суғурта шартномасига оид низо: муаммога қандай ечим топилди?


10.12.2024   253

Икки томон бирор масала юзасидан ўзаро келишиб, муайян шартномага чекишдими, ҳужжатда зикр этилган шартларга иккиси ҳам риоя этиши керак. Бордию тарафлардан бири ўзи зиммасига олган мажбуриятни бажармаса, ўртада низо чиқиши ва масала судгача етиб келиши турган гап.

Бу фикрга фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа тумани судида кўриб чиқилган мазкур низо мисол бўла олади. Яъни Савдо-саноат палатасининг Тошкент шаҳар худудий бошқармасининг суғурта компанияларидан бирининг манфаатида судга даъво ариза тақдим қилди. Даъвода ёзилишича, банк билан кредит шартномаси имзоланган, шартномага илова қилинган жадвалга асосан олинган кредит учун тўловлар амалга оширилиши белгилаб қўйилган бўлса-да, жавобгар Дилмурод Эгамбердиев мажбуриятини бажармаган, 2020 йил 17 декабрдаги суғурта шартномаси ҳамда суғурта полиси бўйича банк кенгашининг баённомасида тўланмаган қарз "Умидсиз" деб топилиб, қолган кредит тўловни суғурта ташкилоти томонидан тўлиқ қопланишини сўраган. Ўз навбатида кредит тўлови вақтида қопланмаганлиги сабабли 39 миллион 325 минг сўмни суғурта товони шаклида суғурта компанияси 2022 йил 6 январда тўлаб берган. Шу суддан жавобгардан ушбу қарздорлик ва суд харажатларини қўшиб ундириш сўралган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли.

Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Фуқаролик кодексининг 957-моддасига кўра, агар мулкий суғурта шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суғурта қилдирувчи (наф олувчи)нинг суғурта натижасида қопланган зарар учун жавобгар шахсдан талаб қилиш ҳуқуқи тўланган сумма доирасида суғурта товонини тўлаган суғурталовчига ўтади. Бироқ шартноманинг била туриб зарар етказган шахсга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқи суғурталовчига ўтишини истисно қиладиган шартлари ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.

Иш ҳужжатлари ва жавобгарнинг тушунтиришларида ҳам акс этиб турганидек, банк билан жавобгар Дилмурод Эгамбердиев ўртасида кредит шартномаси тузилган. Шартномага мувофиқ ушбу тақдим этилган кредит суммаларини ҳар ойда тўлаб бориш белгиланган. Лекин қарз суммалари қопланмаган. Шу сабабли банк томонидан 2022 йил 6 январдаги суғурта шартномаси бўйича банк кенгашининг баёномасида тўланмаган қарз “Умидсиз” деб топилиб, шартномага асосан қайтарилмаган 39 миллион 325 минг сўм қарздорлик суғурта компанияси томониданқоплаб берилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процесуал кодексининг138-моддасига кўра, ҳал қилув қарори қайси тарафнинг фойдасига чиқарилаган бўлса, суд шу тарафга иккинчи тарафдан, гарчи бу тараф давлат дароматига тушадиган суд харажатларини тўлашдан озод этилган бўлса-да иш бўйича қилинган хамма харажатларни ундириб беради.

Суд масалани атрофлича ўрганиб, қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда даъвогарнинг даъвосини қаноатлантиришни лозим топди. Хусусан, Дилмурод Эгамбердиевдан суғурта компанияси фойдасига юқорида зикр этилган сумма ҳамда почта харажати, шунингдек, давлат фойдасига 1 миллион 573 минг сўмдавлат божи ундириш хусусидаги тўхтамга келди.

Бундан хулоса шуки, шартномага имзо чекилдими, унга амал қилган даркор. Зеро, ҳуқуқини билган мажбуриятини ҳам англаса, ҳеч қачон ортиқча муаммо келиб чиқмайди.

Рустамжон Султонов,

фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа тумани суди раиси