Андижонда

Жорий йилнинг 1-ярим йиллигида “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалига келган мурожаатларнинг 86 фоизи ижобий ечим топган


08.07.2025   158

Бугунги кунда “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш билан бирга, уларнинг мурожаатларини ҳам вақтида қондиришни ўз олдига асосий мақсад қилиб олган. Мурожаат қилаётганларнинг барчасига нафақат истеъмолчи, балки биринчи навбатда сизу биз билан ёнма-ён яшаётган юрдошимиз, ватандошимиз сифатида қаралмоқда. Ана шундай инсоний ёндошувлар бугунги кунда аксарият муаммоларни ҳал этишга ёрдам бермоқда.

“...Жорий йилнинг 1-ярим йиллигида “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ва унинг шаҳар-туман бўлимларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 7 956 та мурожаат келиб тушган, - дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали Ижро назорати бўлим бошлиғи Аъзамжон Райимов. Ушбу мурожаатларнинг 7 458 таси виртуал қабулхоналар орқали келиб тушган бўлса, қолган мурожаатларнинг 2 106 тасини оғзаки, 871 тасиниҳамда 496 тасини “Ишонч телефонлари” орқали келиб тушган мурожаатлар ташкил қилади. Шунингдек, 331 нафар фуқаро бевосита Филиал биносида қабул қилинган ҳамда 1 504 нафар фуқаронинг мурожаатлари сайёр қабулларда тингланган ва ижрога йўналтирилган...”

Барча мурожаатлар Филиал ва унинг бўлимларидаги ижро назорати бўлимлари томонидан тўлиқ назоратга олинган. Ўтган давр мобайнида барча мурожаатларнинг 6 818 та ёки 86 фоизи ижобий ҳал этилган ёки мурожаатчининг талаби қаноатлантирилган. 688 нафар мурожаатчига тушунчалар берилган. Рад этилган мурожаатлар 17 та ва айни пайтда эса 163 та мурожаат ўрганилмоқда.

“....Ўтган давр мобайнида “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиал маъмуриятига бевосита 258 нафар жисмоний ва 236 нафар юридик шахслар ариза ва шикоятлар билан мурожаат этганлар. Ушбу 494 та мурожаатнинг 386 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 82 та истеъмолчига тушунча берилган. Шунингдек, жойларда ҳам “Ҳудудгазтаъминот” АЖ вакиллари билан сайёр қабуллар ташкил этилди. Мазкур қабулларда ҳам фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларга ечим топилди”, - дейди Филиал мутахассиси Баҳодир Тўхтасинов.

Филиал маъмуриятига келиб тушган мурожаатларнинг 55 тасида табиий газ таъминоти тўғрисидаги масалалар кўтарилган. 5 нафар мурожаатчи табиий газ билан газлаштириш тўғрисида, 298 нафари фойдаланилган табиий газ учун тўловлардаги муаммолар хусусида мурожаат қилганлар. 119 та мурожаатда суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ мурожаатлар баён этилган. Қолганларида эса молиявий ва бошқа турдаги масалаларни ечиш ҳақида жисмоний ва юридик шахслар мурожаат этган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ва унинг шаҳар-туман бўлимларига келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти ҳал этилмоқда ёки тушунча берилиб, мурожаатчининг кўнгли олинмоқда. Бугун Филиал тизимида ҳар бир мурожаатчига истеъмолчи сифатида қаралиб, таъминотни янада яхшилаш учун қилган мурожаатларидан керакли хулосалар қилинмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти матбуот хизмати