Андижонда

КЎЧМА ҚУТИЛАР ОВОЗ БЕРУВЧИЛАР ХОҲИШ-ИСТАКЛАРИГА ҚАНОТ БЎЛМОҚДА


30.04.2023   227

Маълумки, айрим овоз берувчилар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, тегишли участка комиссияси овоз беришни ушбу фуқаронинг илтимосига биноан жараённи уларнинг турган жойда ташкил этади.

2674 нафар овоз берувчини ўзида жамлаган Андижон шаҳри, Фаробий маҳалласи, Ўзбекистон кўчаси, 206-уйдаги 48-умумтаълим мактаби биносида жойлашган 120-референдум участка комиссияси аъзолари ҳам айни қулайликни участка яқинидаги “Сокин шифо” хусусий шифохонасида ташкил қилдилар. Тегишли комиссиянинг 2 нафар аъзоси кўчма овоз бериш қутиси биланшифохона беморларига жараёнда иштирок этишлари учун имконият яратдилар. Улар овоз берувчиларнинг хоҳиш-иродаси сир сақланишига риоя этилган ҳолда овоз бериш амалга оширилишини таъминладилар.

-Мен ҳам ўз овозимни келажагимиз, фарзандларимнинг келажаги ёруғ, қонуний кафолатлар устувор бўлиши, оила мустаҳкамлиги учун бердим, - дейди бемор Гулноза Саттарова. – Саломатлигим безовта қилгани боис кўчма қути орқали сиёсий жараёнда қатнашиш ҳуқуқимдан фойдаландим. Мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг хоҳиш-истаклари инобатга олинишини бугун яна бир бор яққол гувоҳи бўлдим. Инсон қадри улуғланган юртнинг келажаги албатта, буюк бўлади.

Г.Саттарова сингари 21 беморнинг шаффоф овозлари тўпланган кўчма қутилар референдум участкасига тақдим этилди.

2-Андижон референдум округи Матбуот маркази.