КЎКЛАМ – МЕҲНАТ БИЛАН КЎРКАМ
26.02.2022 487
Баҳор борлиқни безатиши, кўнглимизга ажиб сурур бахш этиши билан ардоқли, қадрли. Барчамиз уни соғиниб яшаймиз.
Деҳқонлару боғбонлар дала, боғига шошадилар. Экин экишга ҳозирлик, дарахт кўчатлари ўтқазишни ғанимат билишади.
Кўклам нафаси уфураётган кунларда Асаканинг Қўнғирот маҳалласига йўлимиз тушди. Қўнғирот узумининг таърифи етти иқлимга етган. Хонадон соҳибларининг томорқа ерида сархил ҳосил етиштириш тажрибаси бир олам. Ҳаммалари бири биридан тажрибакор.
Маҳаллада яшовчи Убайдилло Бўтаев қўшниси Расулжон Ўринов билан боғда бажариладиган ишлар юзасидан маслаҳатлашаётган экан.
– Узумларни, мевали дарахт кўчатларини кўздан кечирдик, – деди у. – Ҳар тупнинг остига чиринди солганимиз кўчатларга қувват берибди. Бу йил ҳам узум мўл бўлади.
Деҳқон бозорлари теварагида мевали, манзарали дарахтлар кўчатлари савдоси авжида.
- Оқ, субхон ўрик кўчатлари олдим, - дейди оқсоқол Аҳмадали Усмонов кўришганимизда. - Бири эртаки бўлса, иккинчисининг қоқиси зўр.
Баҳор ташрифи барчамизни эзгу ният билан шижоатга ундайди. Хонадонларимиз, кўчаларимиз, маҳаллаларимизни ораста, кўркам қилишга ҳисса қўшишга киришамиз.
Кўкламни соғинганимизни, зумрад фаслга меҳримизни меҳнатимиз билан кўрсатамиз.
Аҳмадилло СОЛИЕВ.
Суратда: қўнғиротлик боғбон Убайдилло Бўтаев боғда.
Хурсандбек АРАББОЕВ
олган сурат.
