Андижонда

Кун қаҳрамонлари: АВВАЛО, КЎНГИЛ ПОК БЎЛИШИ КЕРАК...


12.11.2024   1320

Ободлик кўнгилдан бошланади. Бу эзгу ғоя асосидаги тозалик ва ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари йилнинг тўрт фаслида Андижоннинг ҳар бир маҳалласи, ҳар бир хонадонида ўз аксини топаётир. Шаҳар ва туманларнинг йўл бўйлари, кўчаларидаги кенг қамровли ишлар ҳам фикримиз исботи.

Биргина Андижон шаҳрига назар ташласак. Асосий йўлларнинг икки ёқасига, истироҳат боғи, хиёбонларга экилган дов-дарахтлар, турфа анвойи гуллар, озодалик, саришталик беихтиёр эътиборингизни тортади. Бир оз тин олиб, гўзалликдан, яшилликдан баҳри-дилингиз яйраб, кайфиятингиз кўтарилади, чарчоқларингиз унут бўлади. Сизу бизга ана шундай кўтаринкиликни, кўнгилга яйратувчи ва яшнатувчи ҳисни уйғотган ободонлаштириш бошқармаси жамоаси ишчи-хизматчиларининг фидойи меҳнатларидир.

Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармасида 1056 нафар ходим меҳнат қилади. Тизимда ҳар куни одатдагидек иш тақсимоти белгиланса, баъзан ҳокимлик ва масъуллар топшириғига асосан муҳим байрам тадбирлари ўтказиладиган майдон ёки иншоот атрофини тартибга келтириш, парк, хиёбон, боғлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар, магистрал ва марказий йўл ва кўчалар, лотокларнинг ҳолати, тозалигига, тунги чироқларнинг созлиги ва теварак-атрофнинг озодалиги учун масъул ва энг кўп қайғурадиганлар ҳам ободонлаштириш бошқармасининг ишчи-хизматчилари десак, асло янглишмаймиз.

Ишчиларнинг меҳнатига яраша ҳақ олиши, хавфсиз меҳнат шароити яратилганлиги, саломатликларининг муҳофаза қилиниши, дам олиш ва бошқа ҳуқуқларини таъминлаш ишлари намунали йўлга қўйилганлиги бугун ўз самарасини бермоқда.

Кўкаламзорлаштириш ва ирригация участкаси бригадири Маҳфузахон Паттаева ана шу жамоада бир неча йиллардан бери меҳнат қилиб келади. Нафақага чиққач ҳам уйда ўтиришни ўзига эп билмаган аёл яна ишга қайтди. Фарзандлари “Онажон, энди ишламанг, чарчайсиз”, деб айтишганда ҳам Маҳфуза опа ўз фикридан қайтмади.

—Ёш ўтган сари одамни турли касалликлар безовта қилишни бошлар экан,—деди биз билан суҳбатда Маҳфузахон Паттаева. —Баъзан бошинг, гоҳида оёқ-қўлинг қақшайди. Бир куни шифокор ҳузурига борганимда у менга “Кўпроқ юринг, ҳаракат қилинг, шуни ўзи сизга дори, ҳам малҳам бўлади” деди. Бояги шифокор маслаҳатига амал қилиб, ишга чиқдим. Вақт ўтган сари оғриқлар, безовталикдан асар ҳам қолмади. Шу касб кетидан аввало, соғлом ҳаётга қайтдим, обрў, ҳурмат, эъзоз топдим. Ўтаётган куним давомида ободонлаштириш бошқармасидаги аҳил жамоада ҳамкасблар, опа-сингиллар билан шаҳримизда санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқ ободонлаштириш объектларини сақлаш ва улардан фойдаланиш бўйича ишларни, шу жумладан, кўчалар, хиёбонлар, ёдгорлик мажмуалари ва умумий фойдаланиладиган майдонларни кўкаламзорлаштириш, дов-дарахт, гулларни парвариш қилиш каби масъулиятли ишларни бажариб келаяпмиз.

Ободонлаштиришнинг Маҳфуза опа сингари минглаб фидойиларнинг ҳалол, камтарона, фидойи хизматлари билан бугун ҳудуд кўркига кўрк қўшилмоқда. Айни вақтда виола, хризантема гул кўчатлари экилмокда. Куз мавсумида бугунгача шаҳарнинг барча марказий кўча ва майдонларига 170 мингдан ортик гул кўчатлари ўтқазилди.

- Ҳозирда меҳнаткашларимиз баҳорда экилган мавсумий гул кўчатларидан катарантус, райхон уруғларини териб, йиғиштириб олмоқдалар, - дейди бошқарма мутахассиси Раҳматилло Бегбоев. - Кейинги мавсум учун улар заҳира бўлади. Ниҳолларимизни асосан водий бўйича энг моҳир гулчилардан олиб келамиз. Албатта, сифатли, мавсумга қараб, совуқ ва жазирамага чидамли гул кўчатларини харид қиламиз. Сўнгги уч йилда жами 44 минг 600 дона дарахт ва 23 минг 980 минг дона гул кўчатлари экиб, Андижонни кўкаламзорлаштиришга ҳиссамизни қўшдик.

Гул шайдоси бўлган онам “Гулларнинг бари жаннатдан тарқалган. Уларга меҳр берсанг, меҳр оласан”, деб кўп таъкидлайдилар. Бугун кўчаларда шаҳримиз ободлиги, файзу таровати учун сидқидилдан меҳнат қилаётган ободонлаштириш бошқармаси ходимларига қараб, шу гаплар ёдимга тушаверади. Чиндан ҳам уларнинг барчаси гўзаллик ошуфтаси, меҳр билан гулу ниҳолларни парваришлаяптилар.

Очиғини айтиш керак, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш соҳасида ҳар ким ҳам ишлаб кетавермайди. Бу - нозик, масъулиятли, машаққатли касб, инсондан ирода, қунт ва сабрни талаб этади. Тозалов, озодаликдан ташқари, биргина гул ва кўчатни иссиқ-совуқдан асраш, ўсимликни маҳаллий иқлимга мослаштириш учун кўп вақт ва меҳнат сарфланади. Улар баъзан табиат инжиқликлари билан курашишга мажбур. Айтайлик, беш-олти йиллик 11000 туп арча, 7000 туп япон сафораси аномал совуқ натижасида қуриб қолганда мана шу жонкуяр меҳнаткашлар қаттиқ қайғуришади.

Эрта тонгдан қуёш ботар маҳалгача, саратоннинг иссиғидан, қишнинг қаҳратонида ҳам йил ўн икки ой ҳар бир туп дарахт, ниҳоллар, гул ғунчаларини кўпайтириш, парваришлаш, улар билан тиллашиш учун аввало, кўнгил пок бўлиши кераклигини бу соҳа ходимлари яхши биладилар.

Зилола РАҲМОНОВА