Халқаро майдонда Янги Ўзбекистонга ишонч юксалмоқда
05.11.2025 45
Мамлакатимизнинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилиб, халқаро майдондаги нуфузи кучаймоқда. Сўнгги 40 йилда биринчи марта ЮНЕСКО Бош конференциясининг Париждан ташқарида — Самарқандда ўтказилиши, бу аввало, ташкилотга аъзо давлатларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга бўлган юксак ишончининг ёрқин ифодасидир. Мазкур глобал тадбир учун айнан Ўзбекистон танланиши бежиз эмас.
Зеро, юртимиз – инсоният цивилизацияси бешикларидан бири саналади. Дунёмаданияти тарихида муҳим ўрин эгаллаган Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Бу шаҳарлар инсониятнинг илмий, меъморий ва маънавий тараққиётида беқиёс из қолдирган. Шундай меросга эга заминда анжуман ўтказиш ташкилотнинг маданият ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотга юксак эҳтироми ифодасидир.
Қолаверса, Шарқ ва Ғарбни боғловчи геостратегик ҳудудда жойлашган мамлакатимиз турли халқлар, тил ва динлар алмашинувида ўзига хос кўприк вазифасини бажаради. ЮНЕСКОнинг “маданиятлараро мулоқот ва бағрикенглик” концепцияси айни йўналишда республикамиз тажрибасига ҳамоҳанг.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети жаҳон тарихи ва тилларини чуқур биладиган адабиётшунос, тилшунос, таржимон, ўқитувчи мутахассислартайёрлаш баробарида мамлакатимиз тарихи ва келажаги ҳақида мустаҳкам билимга эга, дунёдаги геосиёсий воқеликларни хушёрлик билан тўғри баҳолай оладиган ёшларни тарбиялашга эътибор қаратиб келмоқда.
Хусусан, талабаларимиз билан биргаликда шу кунларда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган ЮНЕСКО Бош конференцияси доирасидаги тадбирларни оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлардаги расмий сайтлар орқали диққат билан кузатяпмиз.
Дарс машғулотлари аввалида мамлакатимизда ва дунёда бўлаётган ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий янгиликларга тўхталиб ўтишни талабалар билан анъана тусига киритганмиз. Бунда Инглиз тили 1 факультети 4-курс талабаси Дилноза Ёрматова, 3-курс талабаси Жасмина Очилдиеванинг фаоллиги кўзга ташланади. Улар ушбу сессия доирасида глобал миқёсда маданий меросни асраш, барқарор тараққиёт мақсадларига эришишда таълимнинг ўрни, илм-фан ютуқларини инсоният фаровонлиги йўлида қўллаш, шунингдек, ахборот ва рақамли технологиялар орқали маданиятлараро мулоқотни кучайтириш масалалари кўриб чиқилаётганини таҳлил қилиб бердилар.
Нуфузли тадбирнинг очилиш маросимида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сўзлаган нутқларини ўқиб, эшитиб ўргандик. Давлатимиз раҳбари инклюзив таълим, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, иқлим инқирозлари каби бир қатор глобал масалаларга эътибор қаратди. Шу билан бирга бугунги виртуал оламдаги салбий иллатларга, инсонларга нисбатан бўлаётган ҳужумларга қарши курашишда халқаро ҳамкорликнинг ўрни, бу ўта стратегик аҳамиятга эга эканига алоҳида тўхталди.
Ўзбекистон раҳбарининг тинчликпарвар сиёсатида ЮНЕСКОнинг “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси”да белгиланган “Инсонпарварлик, бағрикенглик ва маданий хилма-хиллик” концепцияси муҳим ўрин тутади. Президентимизнинг маданий меросни асраш, таълим ва фанни ривожлантириш, бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояларини илгари суриш борасидаги ташаббуслари нафақат миллий даражада, балки глобал гуманитар сиёсатнинг ажралмас қисмига айланди.
Нуфузли тадбир сессиясида 15 декабрь — Бутунжаҳон туркий тиллар куни, деб эълон қилинди. Бу сана рамзий маънога эга. 1893 йилнинг айнан шу кунида даниялик олим Вилгельм Томсен ўзбек, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, турк ва туркман тилларининг вужудга келишига сабаб бўлган, туркий тиллар оиласининг келиб чиқишидан далолат берувчи энг қадимги ёзма ҳужжатлардан бири — Ўрхун битиклари алифбосини ўқиб чиққанини маълум қилган.
ЮНЕСКО маълумотига кўра, туркий тиллар дунё бўйлаб 12 миллион квадрат километрга яқин ҳудудда яшовчи 200 миллиондан ортиқ инсоннинг она тили ҳисобланади.
Давлатимизда ЮНЕСКОнинг тегишли мақсадларига мувофиқ қатор ишлар амалга оширилмоқда. Маълумки, барча учун сифатли таълимни таъминлаш умумий мақсаднинг асосий йўналишларидан бири саналади. Ўзбекистон бу борада қатор миллий ислоҳотларни халқаро дастурлар билан уйғунлаштирган ҳолда иш олиб боряпти. Таълим тизимини рақамлаштириш, қизлар таълимига эътиборни кучайтириш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ЮНЕСКОнинг “Таълим-2030” концепциясига мос.
Бугунги кунда мамлакатда аёллар ва қизлар имконияти, уларнинг таълим ва фан соҳасидаги иштироки кенгайтирилмоқда. Бу ЮНЕСКО фаолиятининг гендер тенгликка оид устувор йўналиши билан ҳамоҳанг. Республикамиз бу борада нафақат миллий, балки халқаро гуманитар мулоқотни ҳам мустаҳкамламоқда.
Бундан ташқари мамлакат илмий салоҳиятни ошириш ва барқарор ривожланишга қаратилган ЮНЕСКО кафедраларини очиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадлари (SDGs)га эришишда тузилма билан бирга кўплаб лойиҳаларни йўлга қўйган. Табиатни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгаришига қарши кураш, экотуризмни ривожлантириш йўналишларидаги дастурлар фикримизнинг ёрқин ифодасидир.
Қизлархон ДЖАББОРОВА,
ЎзДЖТУ инглиз тили 1 факультети катта ўқитувчиси.
