Кун қаҳрамонлари: Меҳнатини қадрлайлик!

21.12.2024 824
Мамлакатимизда декабрнинг бошиданоқ совуқ об-ҳаво кузатила бошлади. Ҳарқалай, қиш қишлигини илк кунларданоқ исботлаяпти. Ҳаво кескин совиб, қалин қор ёғди, оқибатда йўлларда музламалар ҳосил бўлди.
Кун кечида ҳаво совуқлашиши билан, кўчалар муз билан қопланяпти, ҳаракат тезлиги ўртача 40-50 километргача пасайямоқда, лекин шунга қарамасдан йўл-транспорт ҳодисалари сони жуда кўп.
Кун давомида йўлсозларнинг, ободонлаштириш бошқармаси ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан кўчалар тоза бўлган бўлса-да, барибир туни билан асфальт усти юпқа муз қатлами билан қоплана бошлаяпти. Айниқса кичик ҳалқа йўлда автомобиллар ҳаракати мушкуллашди. Бундай об-ҳаво ва ноқулайликда эҳтиёткор ҳайдовчилар ҳам бошқалар тажрибасизлиги туфайли зарар кўришлари жуда осон. Шаҳар кўчаларида умумий ҳаракат тезлиги сусайиши ҳар бир светофор олдида 30 минутлик йўл тиқинлари пайдо бўлишига сабабчи бўлмоқда.
Айни нохуш вазиятларнинг олдини олиш, имкон қадар йўловчи ва ҳайдовчиларга қулайлик яратиш мақсадида вилоят ИИБнинг ЙҲХ бошқармаси махсус чоралар кўрмоқда. Хусусан вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда ободонлаштириш бошқармалари ҳамкорлигида йўллардаги музламаларни бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда. Кун кечида шаҳар кўчаларига махсус техника ва йўл хизмати ходимлари чиқиб, асфальт устига қум-туз аралашмаси сепилиб, музламаларга қарши зарур чоралар кўрилмоқда. Ушбу чора бироз бўлса-да вазиятни яхшилаши керак. Вилоят автомобил йўллари бош бошқармаси назорати остида вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ билан ҳамкорликда махсус техникалар бириктирилган ҳолда Андижон шаҳридаги умумфойдаланув автомобил йўллари қордан тозаланиб, транспорт воситаларининг хавфсиз қатнови таъминланмоқда.
****************
Совуқ ҳарорат сабаб электр энергияси ҳамда табиий газга бўлган талаб ошди. Бу эса электр энергиясида узилишлар, қисқа туташувлар ҳамда табиий газ босимини кескин пасайишига олиб келди.
Мутасаддилар электр ва газ таъминотидаги вазиятдан хабардор бўлиш билан бирга мавжуд муаммолар ҳамда совуқ тушиши муносабати билан юзаган келган ҳолатларни бартараф этиш, аҳоли уй-жойлари ва иш жойларининг барқарор электр энергияси ҳамда табиий газ билан таъминлашга қаратилган барча зарурий чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Юзага келаётган ҳолатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, электр таъминоти тизимида энергияга бўлган эҳтиёжнинг кескин ошиши туфайли мавжуд трансформаторлар ўта юкланишда ишламоқда, айрим ҳолларда эса ўта юкланиш оқибатида носоз ҳолатга келмоқда. Бу эса, ўз навбатида, вилоятимизнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар бўлишига сабаб бўлмоқда.
Масъул ташкилотлар томонидан айни пайтда таъмирлаш бригадалари шакллантирилган, улар вужудга келаётган фавқулодда вазиятларда дарҳол тегишли чораларни амалга ошириш билан машғул. Бундай бригадалар электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида кечаси-ю кундузи фаолият юритиши ташкил этилган.
****************
Совуқнинг изғиринини писанд этмай, музлама йўлларни “тўғрилаётган”, аҳолининг ўз уйида, иш жойида иссиқлик ва электр энергияси таъминотида узилишларсиз ўтириши, ишлаши, юриши, авто бошқариши учун барча қулайликларни имкон қадар яратишга ҳаракат қилаётганлар бугуннинг қаҳрамонларидир!
Сизу биз хотиржам ишга бориб-келяпмиз, ёруғ ва иссиқ уйимизда дам оляпмиз. Кун меҳнаткашлари эса туну кун хизматдалар.
Уларнинг меҳнатини қадрлайлик!
Зилола АБДУЛЛАЕВА