Атрофга назар

КЎП КВАРТИРАЛИ УЙЛАР КОНСТРУКЦИЯЛАРИНИ ЎЗГАРТИРГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК КУЧАЙТИРИЛДИ


02.06.2022   416

Президент томонидан 31 май куни имзоланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Солиқ кодексларига ўзгартиришлар киритилди.

Унга кўра, кўп квартирали уйларни бошқариш қоидаларини бузиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари (4 млн 500 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Кўп квартирали уйлардаги таянч ва (ёки) тўсиқ конструкцияларни қонунчиликни ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни бузган ҳолда ўзгартириш ва (ёки) реконструкция қилиш, шу жумладан кўп квартирали уйларда ва кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларида ўзбошимчалик билан иморатлар (иншоотлар) қуриш ишларини амалга ошириш:

  • фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача (9 млн сўмгача);
  • мансабдор шахсларга 50 бараваригача (15 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу ҳуқуқбузарликни (тўсиқ конструкцияларга оид қисмида) биринчи марта содир этган шахс, агар у кўп квартирали уйдаги тўсиқ конструкцияларнинг амалга оширилган ўзгартирилишини ёки уларни реконструкция қилиш туфайли йўл қўйилган бузилишларни, кўп квартирали уйга туташ ер участкасида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни (иншоотларни), шунингдек уларнинг оқибатларини ихтиёрий равишда бартараф этса, жавобгарликдан озод этилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси томонидан кўриб чиқилади.

Экология қўмитаси фермерлар ва аҳолини сомон пояларини ёқмасликка чақирди

Давлат экология қўмитаси республиканинг барча фермерлар, корхона, ташкилот раҳбарлари ва аҳолисига мурожаат билан чиқди.

Мамлакатда 2022 йил ғалла ўрим йиғими мавсуми бошланиши муносабати билан ғалладан бўшаган майдонларда сомон поя қолдиқларини йиғиштириб олиш, улар ёқиб юборилиши ҳолатларини бартараф этиш лозим.

Шу сабабдан, барча хўжалик ҳудудларида етиштирилган бошоқли дон маҳсулотлари ўриб, йиғиб олингандан сўнг, далаларда сомон поя қолдиқларини йиғиштириб олиш ва ушбу ҳудудларда ёнғин содир бўлиши каби нохуш ҳолатлар олдини олиш бўйича зарурий чоралар кўриш сўралган.

Сомон поя қолдиқлари ёниши натижасида атмосфера ҳавосига углерод оксиди, азот оксиди, азот икки оксиди, олтингугурт оксиди каби инсон соғлиғи учун зарарли бўлган заҳарли моддалар ажралиб чиқади.

Сомон поялари ва уларнинг қолдиқлари ёқилган ҳудудларда ер унумдорлиги кескин пасайиши, тупроқ структураси бузилиши ҳамда ёнғин натижасидаги юқори ҳарорат туфайли макро ва микро элементлар йўқ бўлиб кетиши оқибатида экин ерлари балл бонитети кескин пасаяди.