Андижонда

КЎП ЙИЛЛИК ҚАДРДОНИМ


21.11.2021   467

Маърифат излаган инсонга баҳона шартмас.Илм ортидан қувсангиз, зиё улашсангиз, албатта, қидирганингизни топасиз.

Асли хўжаободликман. Тақдир тақозоси билан қўшни Қирғизистонда ишлаб, оила қилибўша ерда қолиб кетдим. Ўш вилоятида яшаб, Ўш радиосида 10 йил фаолият юритдим. Маданият уйида 30 йил раҳбарлик қилдим. Қанча йиллар ўтса-да севимли саҳифаларимдан, қадрдон газетамдан айрилмадим.

"Андижоннома"нинг ҳар сонини интиқиб кутаман. Газета сотиб олиш учун Хўжаобод туманига келаман. Деярли ҳар ҳафта унинг саҳифаларини варақлайман.

Юртимнинг соғинчи, тупроғимнинг ҳиди, боғларининг ифори бор бу саҳифаларда. Буни билган билади, билмаган аттанг эса... Маърифат излашга, юртимнинг хабарини олишга ҳеч эринмадим. Агарда бирорта сонига улгуриб келолмасам, қорасувлик қизим Азизахон ҳеч канда қилмай тўплаб олиб қўяди.

"Андижоннома"нинг саҳифаларида бир неча бор ижодий машқларимни чоп қилишди. Мен бундан жуда хурсандман. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ дейишади. Газета-китоб ўқимайдиганларга ҳайрон қоламан. Қанча йўл босиб келиб шу "нома"ни қўлимга олганимда болалардек қувонаман. Қўл чўзса етгудек турган маънавият дурдоналарини ўқимаслик ақлсизлик холос. Ҳар неъматнинг уволи бор. Бу қоғозларга берилган меҳнат, тўкилган кўз нури, қанча-қанча заҳматлар нишонаси бор ҳар бетида. Менинг ёшлик хотираларим, ўсмирлик нафасларим, юртимнинг соғинчи бор саҳифаларида. Бир умрлик қадрдонимсан, "Андижоннома"!

Ашурали

БОБОҚУЛОВ,

меҳнат фахрийси,

Қирғизистон

Республикаси.