Андижонда

Куз-қиш мавсуми: рақамлар ва фактлар


16.09.2025   127

Вилоятимизда 2025–2026 йилги куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик ишлари изчил олиб борилмоқда. Ушбу жараёнлар Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида Андижон вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси назорати остида амалга оширилмоқда.

Ҳудуддаги жами 2 200 та кўп қаватли уйларнинг 87 тасини таъмирлаш белгиланган бўлиб, бугунги кунда 95 фоиз иш бажарилди. Жумладан, 83 та уй ва 70 та кириш йўлакларида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, 8 та уй том қисми, 70 та уй кириш йўлаклари, 14 та уйнинг ертўла қисми муҳандислик тармоқлари, 5 та уй ички муҳандислик тизимлари ҳамда 54 та уй фасад қисми таъмирдан чиқарилди.

Шу билан бирга, 124 квадрат метр фрамуга ромлари янгиланди, 55 та энергия тежовчи чироқ ўрнатилди, 56 та электр тақсимлагич таъмирланди.

Иссиқлик таъминоти йўналишида вилоятда жами 2 км узунликдаги иссиқлик тармоқларини таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 0,3 км қисмида ишлар бажарилди.

Ичимлик суви таъминотида эса 44,7 км узунликдаги тармоқлар ва 110 та насос ускуналарида таъмирлаш ишлари кўзда тутилган бўлса-да, амалда 110 км тармоқ ва 104 та насос ускуналарида таъмирлаш ишлари якунланди.