Андижонда

КУЗ-ҚИШ МАВСУМИ УЧУН ПУХТА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИЛДИ


29.10.2022   256

Бугунги кунда Андижон вилоятида 276 мингдан зиёд табиий газ ҳамда 471 минг дан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчилари истиқомат қилмоқдалар. Истеъмолчиларга 5697 км газ қувурлари орқали табиий газ ҳамда 625 минг 830 дона маиший газ баллонлари орқали суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.

Маълумки, 2022 йил 23 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг "Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа обектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2022/2023-йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича комплекс чора-тадбирлар, шу жумладан истеъмолчиларнинг барча тоифаларига табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш тасдиқланган. Андижон вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари бўйича “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали томонидан талайгина ишлар амалга оширилди.

“Жорий йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида 5.9 км газ қувурларини мукаммал таъмирлаш ҳамда 3.2 км газқувурларини реконструкция қилиш режалаштирилган бўлиб, шу кунга қадар белгиланган ишларнинг барча тўла амалга оширилди – дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали бош муҳандиси Раҳматилло Темиров. - Жумладан, Андижон шаҳридаги “Айланма йўл” кўчасида жойлашган “Кўмакай” автоматик газ тарқатиш шохобчаси - Аэропорт йўналишидаги диаметри 273 мм бўлган 5.1 км узунликдаги юқори босимли ер ости газ тармоғинининг 2.5 км қисми мукаммал таъмирланди. Мукаммал таъмирлаш ишлари Марҳамат тумани “Полвонтош” автоматик газ тарқатиш шохобчасининг 1-тармоқ “Ниёзботир – Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғини йўналишидаги юқори босимли ер усти газ тармоғининг 0.7 км қисмида, шунингдек Шаҳрихон тумани “Ўрмонбек” автоматик газ тарқатиш шохобчаси 3-тармоқ “Дориломон” маҳалла фуқаролар йиғини йўналишидаги юқори босимли ер ости газ тармоғининг 2.7км қисмида амалга оширилди. Натижада 1120 та хонадондаги табиий газ таъминоти янада яхшиланишига эришилди.”

Тармоқларни қайта реконструкция қилиш ишлари режасига кўра 3.2 км узунликдаги тармоқларнинг хизмат муддати янада узайтирилди. Хўжаобод туманидаги “Манак” маҳалла фуқаролар йиғини йўналиши бўйлаб тортилган юқори босимли ер усти газ тармоғининг 0.8 км қисми ҳамда“Дўстлик” автоматик газ тарқатиш шохобчасидан “Дилкушод” маҳалла фуқаролар йиғини йўналиши бўйлаб тортилган юқори босимли ер усти газ тармоғини 0.7 км қисми, жами 1.5 км газ қувури, шунингдек, Улуғнор тумани “Нуробод” ва “Файзобод” маҳалла фуқаролар йиғинлари йўналиши бўйлаб тортилган юқори босимли ер усти газ тармоғини 1.7 км қисми реконструкция қилинди ва якунга кўра жами490 та хонадонда табиий газ таъминоти яхшиланди.

Табиий газни етказиб беришда нафақат газ қувурлари балки, газ тарқатиш қурилмаларининг ҳам ўрни беқиёс. Шу кунга қадар вилоятдаги мавжуд 2471 дона газ тарқатиш қурилмалари соҳа ходимлари томонидан техник кўрикдан ўтказилиб, мавсумга шай ҳолатга келтирилди. Туманлардаги 14 та қурилмаларида мукаммал таъмир ишлари олиб борилиб, хизмат муддатлари янада узайтирилди. Белгиланган режага кўра, 122.8 км газ қувурларини газ қувурларини босим остида синаш ва ҳаво босими ёрдамида тозалаш белгиланган бўлиб, амалда 133.3 км қувурлар синалди ва тозаланди ҳамда белгиланган режа 109 фоизга бажарилди. Соҳа ходимлари томонидан 212.3 км ер усти газ қувурлари бўёқланди. Шунингдек, жорий йилги мавсумга тайёргарлик жараёнида 110.8 км узунликдаги ер ости газ қувурларини ҳолатини махсусасбоб ёрдамида текшириш режалаштирилган эди. Мутахассислар томонидан 124.2 км газ қувурлар ҳолати текширилиб, режа 112 фоизга бажарилди.

“Вилоятимизнинг суюлтирилган газ истеъмолчиларини куз-қиш мавсумида бир маромда “зангори” ёқилғи билан таъминлаш мақсадида барча газ тўлдириш шохобчаларида тайёргарлик ишлари якунига етказилди. Жумладан, “Асака”, “Шаҳрихон” ва “Қўрғонтепа” газ тўлдириш шохобчаларида қўшимча газ қуйиш колонкалари ўрнатилди ва бугунги кунда маший газ баллонларга газ тўлдириш 30 фоизгача тезлашди. 2022-2023 йилги мавсумда барча тоифадаги истеъмолчиларга 43 минг 234 тонна суюлтирилган газ етказиб берилиши режалаштирилган. Шундан, 21 минг 810.8 тоннаси октябрь-декабрь ойларида, 21 минг 423.3 тоннаси январь-март ойларида етказиб берилиши кўзда тутилган”- дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали директорининг суюлтирилган газ масалалари бўйича ўринбосари Зафарбек Қаҳҳаров.

Шунингдек, истеъмолчиларга куз-қиш даврида газ плиталари, қозонхоналар, каминлар, печлар ва бошқа газ жиҳозларининг хавфсиз ишлаши учун уй хўжаликларидаги дудбўронлар ва шамоллатиш тизимини текшириш борасида газ ходимлари томонидан тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати