Атрофга назар

Маҳалла – бу кичик Ватан, унинг ободлиги барчамизнинг фаровонлигимиздир


26.12.2025   197

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган тарихий Мурожаатномасини тинглаб, қалбимда чексиз фахр ва келажакка ишонч туйғусини ҳис қилдим. Айниқса, Президентимизнинг 2026 йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиш ҳақидаги таклифлари айни кўнглимиздаги гап бўлди.

Оддий фуқаро сифатида шуни айта оламанки, ислоҳотлар самараси қаерда сезилади? Албатта, менинг кўчамда, менинг уйимда ва маҳалламда. Давлатимиз раҳбари айтганларидек: “Маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади”.

Бугунги Мурожаатномада айнан маҳаллани ислоҳотлар марказига қўйиш бўйича илгари сурилган ташаббуслар бизни руҳлантириб юборди.

Биринчидан, эндиликда маҳалламиз ўзининг муаммосини ўзи ҳал қилиши учун реал молиявий имкониятга эга бўлмоқда. Туман бюджети даромадларини камида 2 карра кўпайтириш вазифаси қўйилди. Энг қувонарлиси, 2026 йилдан бошлаб ҚҚС тушумининг маълум қисми (вилоятларда 20 фоизи) ҳудуднинг ўзида қоладиган бўлди ва бу маблағнинг ярми тўғридан-тўғри туман бюджетига ўтказилади. Бу дегани — энди кўчамизни асфальт қилиш, чироқ ўрнатиш ёки боғчани таъмирлаш учун юқоридан пул келишини кутиб ўтирмаймиз. Пул ўзимизда, туманимизда бўлади.

Иккинчидан, “Маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш” учун илк бор 20 триллион сўм маблағ бевосита вилоятларнинг ихтиёрига берилиши – бу тарихий қарор. Илгари битта трансформаторни алмаштириш учун ойлаб хат ёзиларди. Энди эса муаммоларни тезкор ҳал қилиш имкони яратилди. Президентимиз айтганларидек, юрт ободлиги аввало маҳалладан бошланади.

Учинчидан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маҳаллабай тизимга кўчмоқда. “Маҳаллада саноат ва хизмат” лойиҳаси орқали кредитлар берилиши ва бунинг эвазига 100 мингта янги иш ўрни яратилиши – бу минглаб оилаларга барака киради деганидир. Ишсиз қўшним ёки маҳалладошимнинг ишли бўлиши менинг ҳам хотиржамлигимдир.

Тўртинчидан, яшиллик ва экология масаласи. Депутатларга “яшил ҳудуд” ва боғлар яратиш учун қўшимча маблағ (330 миллион сўмдан) ажратилиши маҳалламиз ҳавосининг тозалиги ва болаларимиз учун сайилгоҳлар кўпайишига хизмат қилади.

Мурожаатномани тинглар эканман, Президентимизнинг “Биз ўзгаришларни кутиб яшамаймиз, аксинча, уларни ўзимиз, ўз ақл-заковатимиз ва масъулиятли меҳнатимиз билан яратамиз”, деган сўзларини ўзимга шиор қилиб олдим.

Фарҳодбек АТАХАНОВ,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази эксперти.