Маҳалла газчилари истеъмолчиларнинг кўмакчисига айланмоқда

06.03.2025 737
Айтиш керакки, бугунги кунда газ таъминоти соҳасида “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилгани мақсадга мувофиқ бўлди. Бу аҳолини, хусусан, ҳар бир маҳалладаги истеъмолчиларнинг табиий ва суюлтирилган газ билан боғлиқ муаммоларини тезкор ва жойида ҳал этиш имконини бермоқда.
Ҳабибулло Ходжаев ҳам “Олтинкўлтумангаз” газ таъминоти бўлимида маҳалла газчиси лавозимида меҳнат қилиб келмоқда. Ходимга тумандаги “Сарой-1”, “Сарой-2” ва “Марказ” маҳаллалари бириктирилган бўлиб, ушбу маҳаллаларда жойлашган ҳовли ва кўпқаватли уйлардаги истеъмолчилар сони жами 2 минг 108 тани ташкил этади. “Маҳаллабай” ишлаш тизимининг афзаллиги шундаки, истеъмолчи энди сарсон бўлмайди, газ билан боғлиқ муаммоси бўлса, маҳалласига бориб, ҳудудга бириктирилган газчи кўмагидан фойдаланади. Шу билан бирга, вақт йўқотишларнинг олди олинади.
Маҳалла газчисининг ҳар кунлик фаолияти бугунги кунда онлайн тизим орқали келган топшириқларни бажариш билан ўтмоқда. Бунда муаммоли хонадонларнинг аниқ манзилли рўйхати асосида хонадонларга бориб, уларнинг электрон газ ҳисоблаш ускунасида юзага келган муаммоларни бартараф этади. Аҳоли хонадонларида ўрнатилган электрон газ ҳисоблаш ускунаси созлигини текшириш тадбирлари ҳам маҳалла газчисининг кун давомидаги вазифаларидан бирига киради.
Маҳалла газчи бўлган Ҳ.Ходжаев муаммоларни бартараф этиш асносида истеъмолчилар билан суҳбатлашиб, табиий газдан тўғри фойдаланиш, хавфсизлик қоидаларига риоя этиш, замонавий энергия тежамкор газ ёндиргичларидан фойдаланиш ва бошқа зарур қоидалар бўйича огоҳлантириш бериб келмоқда.Шунингдек, табиий газ билан боғлиқ ёнғинлар олдини олиш, ис газидан огоҳ бўлишга оид кенг тартибдаги тарғиботларни ҳам олиб бормоқда.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати