Андижонда

“МАҲАЛЛА” ХАСТА КЎНГИЛЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ


06.09.2022   438

Кўмакка муҳтож инсонларга ёрдамлашиш, уларга саховат кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланади. Истиқлол айёми кунларида вилоятимиздаги маҳаллаларда ҳокимликлар, корхона ва ташкилотлар, маҳалла фаоллари, тадбиркорлар, депутатлар томонидан кексалар, ногирон, якка ёлғиз яшовчи ҳамда кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинди.

Бу борада “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, туман, шаҳар бўлинмалари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор тадбирлар эътиборга молик.

Байрам муносабати билан вилоятнинг турли ҳудудларида яшаётган 15 нафарга яқин фуқарога даволаниши, дори-дармон олиши учун, шунингдек, моддий ёрдам сифатида жами 37 миллион 600 минг сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.

Хасталикка йўлиққан шаҳрихонлик Ортиқали Ҳасанов ҳамда Улуғбек Қодировга Ҳиндистон давлатига бориб операция қилдириши, даволанишлари учун 100 миллион сўмдан маблағ ўтказиб берилди.
Қўрғонтепа туманидаги Хўжатепа, Деҳқончек маҳаллаларида яшовчи икки нафар ногирон аёлга тикув машинаси берилган бўлса, 2 гуруҳ ногирони, хонадонда якка тартибда ўқийдиган, Асилбек Жўраевга компьютер жамланмаси совға қилинди.

Жалақудуқ туманидаги Дўнгқишлоқ маҳалласида кам таъминланган оила фарзандларига мактаб формалари берилди. Касаллик туфайли узоқ вақт бир жойда ётган хаста болалар хонадонларига борилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди, 15 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

Хўжаобод, Булоқбоши, Шаҳрихон, Олтинкўл, Асака туманларида ўтказилган турли тадбирлар доирасида кўплаб эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар вакиллари, фарзандларига совға-саломлар улашилди.