МАҲАЛЛА ВА МАКТАБЛАР БИЛАН ҲАМКОРЛИК ЯХШИ САМАРА БЕРМОҚДА
14.01.2026 32
Мамлакатимизда кейинги йилларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Қуролли Кучларимиз юрт мустақиллиги, чегараларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашнинг чинакам кафолатига айланиб бормоқда. Қолаверса, навқирон авлодимиз ўртасида ҳарбий хизматга қизиқиш кучайиб, минглаб йигит-қизларимиз Ватан ҳимоясига дадил бел боғлаётгани барчамизни чексиз қувонтиради.
Бу борада вилоят Мудофаа ишлари бошқармасининг ҳам ҳиссаси бор. Бошқарманинг катта жамоаси 18 ёшга тўлган чақирилувчи ёшлар орасидан муддатли ҳарбий хизматга, сафарбарлик чақирув резерви хизматига ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодларни талаб олиш орқали захира кадрларни Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик идораларга етказиб беришдек масъулиятли вазифани адо этиб келмоқда.
Айни кунларда бошқарма ва унинг тизимидаги бўлимларда 2026 йил чақирув мавсумига жиддий тайёргарлик ишлари кетмоқда. Шу муносабат билан биноларни иситиш чоралари кўрилган, тиббий кўрик ўтказувчи шифокор-мутахассислар учун зарур тиббий жиҳозлар шай қилинган.
Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 сентабрдаги “Чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш марказлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан барча вилоятларда Мудофаа ишлари бошқармалари ҳузурида чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш марказлари ташкил этилган.
Бундан мақсад: Қуролли Кучларнинг муддатли ҳарбий хизматчилар билан тўлдириладиган лавозимларини ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрланган чақирилувчилар билан бутлаш; чақирилувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар онгида миллий ғояга содиқлик, ўз Ватани билан фахрланиш, ҳарбий бурчни онгли равишда адо этишга шайликни шакллантириш ва бўлажак Ватан ҳимоячилари сифатида ҳарбий интизомга ўргатиш. Шунингдек, чақирилувчиларда замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни ишлатиш, уларга техник хизмат кўрсатиш ишларини мустақил бажариш билан боғлиқ кўникмаларни шакллантириш; чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани бўйича эгаллаган билим ва кўникмаларини янада такомиллаштириш, ҳарбий хизматни ўташга жисмонан ва руҳан тайёрлаш хисобланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 июлдаги «Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчиларни олдиндан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорларига асосан вилоят ҳокимининг ташаббуси билан бошқарма тизимидаги шаҳар ва туман Мудофаа ишлари бўлимлари маъмурий бинолари янгидан замонавий кўринишга келтирилмоқда. Жумладан, Шаҳрихон, Хўжаобод, Булоқбоши, Марҳамат ҳамда Асака тумани Мудофаа ишлари бўлимларининг янги маъмурий бинолари байрамга муносиб совға бўлди.
Бошқарма ва унинг тизимидаги бўлимлар мансабдор ва масъул ходимлари томонидан мактаб ва маҳаллалар билан узвий ҳамкорлик ўрнатилган. Умумтаълим, ихтисослашган, ижод ва Президент макталарида фаолият олиб бораётган ЧҚБТ (чақирувга қадар бошлағич тайёргарлик) фани раҳбарлари ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Қуролли Кучлар тизимига ёш кадрларни етказиб бериш борасидаги ишларни тизимли амалга ошириб келмоқда.
Бундан ташқари, вилоятдаги барча маҳалла фуқаролари йиғинлари фаоллари ёшларни муддатли ҳарбий хизмат ҳамда сафарбарлик чақируви резерви хизматига жалб қилиш ишларида яқиндан кўмак беришмоқда. Бу эса ўз навбатида “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да аҳоли ўртасида тарғибот ва ташвиқотни юксалтириш, кам таъминланган оилаларга яқиндан кўмаклашиш каби амалий ҳаракатларимизга куч беради.
Элёрбек АБДУРАҲМОНОВ
вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи.
