Андижонда

Маҳаллада ҳар бир хонадон экспортёр


16.09.2025   64

Булоқбоши туманидаги Мирзакалон Исмоилий маҳалласи узумчилари билан маълуму машҳур. МФЙ раиси Саидахон Мирзаеванинг хуш муомаласи, самимиятининг ўзиёқ манзил тароватидан сўзлаб юборгани рост. 2 минг 180 нафар аҳоли, 405 та хонадон, 705 та оиланинг қувончу ташвишларидан завқ олиб ишлаш, яшашнинг ҳам каттагина масъулияти бор. Барчасининг ютуғу муаммосидан бирдек хабардор. Маҳалла аҳли ҳам ўзидек очиқ чирой, ким билан суҳбатлашмайлик, юзида табассум билан мулоқотга файз киритди.

Ҳудуддаги мавжуд 5 та кўчанинг барчаси асфальтланган, йўл бўйлаб 2,5 километрлик сўритоклар қилинган. Жами 325 та ички-ташқи ток устунларига ҳавасингиз келади. Узумнинг каттақўрғон, келинбармоқ, Ризамат ота, Андижон қора узуми, навкари, хусайни навлари ғарқ пишиб нигоҳларни қувнатиб турибди. Хонадон эгаларининг хирмон кўтарадиган пайти. Кунда кунора катта юк машиналари қутиларга маржондай тизиб терилган олий навли узумларни Россия, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларига йўл олади. Ҳар бир хонадон экспортёр экан. Омадини берсин, ўзбекнинг меваларидан дунё баҳраманд бўлаверсин, дедик!

Манзурахон Тўхтасинова маҳалланинг Ойбулоқ-4 кўчаси кайвониларидан. 5 фарзандни уйли-жойли қилиб, аллақачон элга қўшган онахон билан суҳбатимиз мустақиллик неъматлари хусусида бўлди. Айтганча, узум етиштиришда моҳирлардан экан. Шу йилнинг ўзида 10-12 миллион сўм даромад олиб улгурибди. Яхши парвариш натижасини бергани ҳосили халигача тугамаганидан кўриниб турибди.

Осиёхон Исмоилова хонадонидаги иссиқхонада эса булғор қалампири барқ уриб пишяпти. Ҳозиргача бўлган жараёнда помидор, карам ва бодринг ҳосилидан харидорлар баҳраманд бўлишган. Энди навбат булғор қалампирига экан. Демак, ерни бўш қўйиш йўқ!

Ҳудуддаги Агромарказ ён-атрофдагимаҳаллаларга ҳам хизмат кўрсатади. Қишлоқ хўжалиги экинлари дейсизми, узум парвариши учун дейсизми, хуллас соҳанинг барча имкониятларини марказдан топиш мумкин. 35 тонна сиғимга эгамузлаткич аҳоли ихтиёрида.

Буюк Турон маҳалласи аҳли ҳам узум етиштиришда қўшни ҳудуддан қолишмайди. Раис Мирзоҳид Алиқуловнинг айтишича, драйвер соҳа айнан узумчилик ва ҳунармандчилик. 5 та кўчанинг 4,5 километр йўлагига замонавий сўритоклар қилинган. Экспорти Мирзакалон Исмоилий маҳалласи билан бирдек. 1 минг 8 та хонадоннинг 920 тасида узумнинг сара навлари етиштирилади. Анвармирза Солиев, Қаҳрамонжон Сотволдиевлар хонадони ҳосил мўллиги билан ажралиб туради. Энг камида етти, бўлмаса 10-12 миллион даромад ҳар мавсумда нақд. Айтгандай, Анвармирза Солиев маҳалла жонкуярларидан. Пиллакашлик фабрикасида фаолият юритиб, нафақага чиққан бу инсон 22 йилдан буён маҳалла тадбирларига камарбаста. Меҳнатлари муносиб тақдирланиб, жорий йилда “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланди.