Атрофга назар

Маҳаллада сиёсий жараён: МАҲАЛЛАГА КИМ РАИС БЎЛАДИ?


01.05.2025   844

Бу ўзини ўзи бошқариш органлари раислари сайловида кун саволига айланди

1 май куни юртимизда фуқаролар йиғинлари раисларининг навбатдаги сайловига старт берилди. Май-июль ойларида ўтказиладиган бу жараёнга жиддий ҳозирлик кўрилди. Вилоятимиздаги 909 та маҳаллада ҳам айни пайтда бу жараёнга гувоҳ бўлиш мумкин. Сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят, туман ва шаҳар комиссиялари, маҳаллалардаги ишчи гуруҳлар тасдиқланган чора-тадбирлар дастуридаги вазифаларни ўз вақтида бажармоқда.

–Бу йилги сайловлар маҳалланинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи ошган, тизимга оид қонунчилик такомиллашган бир паллада ўтаётгани билан аҳамиятлидир. – дейди сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси раиси ўринбосари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилояти бошқармаси бошлиғи Махамаджон Нишанов. –Барча маҳаллаларда сайловга қизғин ҳозирлик кўрилган. Маҳалла раислигига ҳудуднинг пасту баландини яхши биладиган ва эртаси учун жон куйдирадиган, фуқаролар йиғинидаги “еттилик”ка чинакам бош бўла оладиган, ҳурмат ва эътиборга лойиқ, аҳолининг ишончига муносиб номзодлар тавсия этилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш ҳамда сайловларни юқори савияда ташкил этиш мақсадида 2025 йил 11 февралда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу ҳужжат билан “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонунга бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Шу ҳақда маълумот берсангиз...

  • Биринчидан, фуқаролар йиғини раиси ваколат муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилди. Хўш, нега бундай қарорга келинди? Шуни айтиш керакки, “маҳалла еттилиги”нинг умумий раҳбари сифатида маҳалла раисларининг масъулияти оширилаётган бир вақтда уларнинг ваколати муддатининг қисқалиги, ўз билим ва тажрибасини амалиётда қўллаши, белгилаган режаларни тўла ва сифатли амалга ошириши учун етарли эмаслиги сезилаётган эди.
  • Суҳбат учун раҳмат.

Бу ўзгартириш фуқаролар йиғини раисларининг ўзлари фаолият юритадиган ҳудуд аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан янада кенгроқ хабардор бўлиши, фуқароларга ёрдам кўрсатишда тўғри ва талабчан ёндашиш борасидаги имкониятларини кенгайтирди.

Иккинчидан, эндиликда бўшаб қолган ўринларга фуқаролар йиғинлари раисларининг 5 йил муддатга сайланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Учинчидан, фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар комиссияларининг ваколатлари аниқлаштирилди.

Илгари фуқаролар йиғини раиси сайловни ташкил этиш ва ўтказиш Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан тасдиқланадиган республика комиссияси томонидан амалга оширилган бўлса, эндиликда бу ваколат Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан амалга оширилади. Яъни фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш муддатлари сайлов бошланишидан камида икки ой олдин улар томонидан белгиланади.

Янги тартибдан келиб чиқиб, Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарори вилоятдаги фуқаролар йиғинлари раисларининг навбатдаги сайловини 2025 йилнинг май-июль ойларида ўтказиш белгиланди.

Қарор билан фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси, шунингдек, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси бошчилигидаги 21 кишидан иборат фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси таркиби тасдиқланди.

Чора-тадбирлар режасига асосан ҳар бир туман (шаҳар) Кенгаши сессиясида маҳалла раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман (шаҳар)комиссияси таркиби тасдиқланди ва ташкилий йиғилишлари ўтказилди.

Комиссия иш режаси ва вазифалари тақсимоти асосида сайловларни намунали ва уюшқоқлик билан ўтказишга киришилди. Ишчи гуруҳлари томонидан маҳаллаларда сайлов ёшига тўлган фуқаролар умумий сонининг камида ўн икки фоизи миқдорида вакиллик нормаси белгиланди.

Сайловларни юқори савияда ва қонун талабаларига мувофиқ ўтказиш мақсадида вилоят, туман, шаҳар комиссияларининг 342 нафар ҳамда 909 та маҳаллада ташкил этилган ишчи гуруҳларнинг 8181 нафар аъзоси учун ўқувлар, семинар-тренинглар ташкил этилди. Ўқувларда қонунлардаги янгилик ва ўзгаришлар батафсил тушунтирилиб, барча жараёнларни белгиланган тартиб асосида ташкил этиш шартлиги қайд этилди.

1 май куни вилоятимиздаги ҳар бир туман, шаҳарларида биттадан маҳаллада сайлов жараёнлари намунали ташкил этилди ва унда шу маҳалла вакиллари билан бирга ҳудуддаги бошқа маҳаллалар ишчи гуруҳлари раҳбарлари ҳам қатнашди.

Янги сайланган раислар учун уларнинг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, маҳалланинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини тушунтириш ҳамда амалиётда қўллаш бўйича ўқувлар ташкил этиш режалаштирилган.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.