Маҳаллада сиёсий жараён: ШАФФОФ ВА АДОЛАТЛИ БЎЛАДИ
25.04.2022 412
Марҳамат туманидаги 29 - умумтаълим мактаби Ўқчи маҳалла фуқаролар йиғини ўрамида жойлашган. Айнан шу манзилда маҳалла раиси сайлови жараёнлари бўлиб ўтади. Ҳозирда муассаса биносида сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳи фаолият кўрсатмоқда. Унга мактаб директори Ферузахон Ғуломова бошчилик қиляпти.
- Ишчи гуруҳи мамлакатимизда бўлиб ўтган турли сиёсий сайловларни ташкил этишда бой тажрибага эга бўлган фаоллардан таркиб топган. Сайловолди тарғибот ишларини аҳоли билан самимий суҳбатлар орқали олиб бордик. Тарқатма материаллар, кўргазмалар билан сиёсий билимлар бойитилди.
Ҳудудда 2 минг 22 нафар сайлов ёшидаги фуқаролар рўйхати шакллантирилган. Уларнинг 267 нафари вакиллар сифатида сайлов куни овоз берадилар. Кўрсатилган 4 нафар номзоднинг бири ўз хоҳишига кўра иштирокни рад этди. Бу ҳам табиий ҳол.
Яна бир неча кундан сўнг бўладиган сайловда Ўқчи аҳолиси шаффоф ва адолатли тарзда ўз танловини кўрсатади.
