Андижонда

МАҲАЛЛАМИЗДА ҚИЛИНАЁТГАН ИШЛАР БИЗ УЧУН МУСТАҚИЛЛИГИМИЗНИНГ 31 ЙИЛЛИГИГА КАТТА СОВҒА БЎЛДИ…


13.08.2022   558

Аҳоли муаммоларини бартараф этиш, жойларда қилинаётган ишларнингамалий натижалари билан танишиш мақсадида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Шаҳрихон туманининг Юзлар маҳалласида бўлиб, у ердаги аҳоли билан учрашди.

Мазкур маҳалла туманнинг энг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда МФЙдаги 847 та хонадонда 4805 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда.

Аҳоли хонадонларига бориш, уларнинг аҳволи билан яқиндан танишиш, юзага келган муаммоларни фақат сайёр қабуллардагина эмас, балки, бошқа учрашувларда ҳам қишлоқ аҳли билан биргаликда жойида, амалий ҳал қилиш муҳим саналади.

Қабулда вилоят ҳокими билан биргаликда, туман ҳокими, сектор ва корхона-ташкилот раҳбарлари иштирок этдилар. Раҳбарлар ҳар бир фуқарони бирма бир тингладилар.

Ичимлик суви муаммоси, кўчаларнинг қишда лой, ёзда чанг-тупроқлиги, суюлтирилган газни вақтида етиб келмаслиги, электр таъминотидаги узилишлар ва бошқа шу каби муаммолар қишлоқ аҳлини анчадан буён қийнаб келаётган эди. Шу муносабат билан айни жойда кенг кўламда ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Кўчаларни таъмирлаш, асфальтлаш, теварак-атрофни тартибга келтириш бўйича бир қатор амалий ишлар олиб борилиб, электр таъминотидаги носозликлар баратараф этилмоқда.

Учрашув давомида 1400 нафардан зиёд фуқаро тиббий кўрикдан ўтди. Улардан 18 нафарига даволанишлари учун бепул тиббий йўлланма берилди.

- Тўғриси, қишлоғимизга вилоят ҳокимининг шахсан ўзи келганлиги бизни қувонтирди, - дейди Мирсаид ота Абдураҳимов. – Сабаби, мана 37 йилдан буёнмаҳалламизда бундай оммавий равишда учрашувлар бўлмаган. Муаммоларимиз бугунгидек тез фурсатда ечимини топмаган эди. Оддий бир мисол, бутун маҳалла аҳли бепул тиббий кўрикдан ўтказиляпти. Қолаверса, 7 км масофадаги ичимлик суви қувурлари тортилмоқда. Янги давлат боғчаси қурилиши, мактаб ва йўлларимиз қайта таъмирланиши ҳар бир аҳолимизни хурсанд қилмоқда. Чунки бу азалий орзуимиз эди. Бунинг учун вилоят ҳокими ва барча мутасадди ташкилотларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бу қилинаётган ишлар биз учун Мустақиллигимизнинг 31 йиллигига катта совға бўлди.

НУРЖАҲОН.