Маҳаллий бошқарув тизими янада такомиллаштирилади

02.07.2025 141
Сўнгги йилларда мамлакатимизда халқ ҳокимиятчилигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Конституцияга мувофиқ, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари раиси ва ҳоким лавозимлари ажратилгани “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойилини амалда жорий этишда муҳим қадам бўлди.
Таъкидлаш жоизки, Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23 июнь куни қабул қилган “Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони вакиллик органлари тизимида янги даврни бошлаб берди.
Фармоннинг муҳим жиҳатларига тўхталадиган бўлсак, аввало, маҳаллий даражада халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш, жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш кўзда тутилган.
Фуқароларнинг маҳаллий бошқарувда кенг иштирок этишига оид демократлаштириш жараёнларини мустаҳкамлаш, ижро ҳокимияти органларининг маҳаллий халқ вакиллари олдидаги ҳисобдорлигини ошириш ҳам асосий вазифалардан бири ҳисобланади.
Ҳужжатга кўра, ҳудудий бошқарувни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида номарказлаштириш, ваколатларни мувозанатли тақсимлаш ва ҳар бир бўғиндаги вазифалар аниқ белгилаб қўйилган.
Яна бир муҳим масала шундаки, фармон аҳоли муаммолари ва ҳудуд манфаатларига оид муҳим ва долзарб масалаларни ҳал этишни “маҳалла еттилиги” – туман (шаҳар) Кенгаши – вилоят Кенгаши – Сенат” тамойили асосида кучайтиришни ифода этгани билан янада аҳамиятли бўлмоқда.
Шу билан бирга, ҳудудлараро савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кучайтириш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари халқаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Қайд этиш жоизки, фармон билан маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланган.
Шунингдек, маҳаллий Кенгашларнинг ташаббус кўрсатиш имкониятларини ошириш мақсадида уларга қўшимча ваколатлар берилмоқда.
Масалан, маҳаллий Кенгашларга давлат мулкидаги бинолар ва ерлар учун ижара тўловининг энг кам миқдорини белгилаш, дафн жойларини сақлаш тартиби ва дафн хизматлари нархларини тасдиқлаш ҳуқуқи берилмоқда.
Шунингдек, ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар учун иш ўринларининг энг кам сони белгиланиб, зарур ҳолда заҳирага қўйилиши кўзда тутилмоқда.
Фармонга мувофиқ, айрим йўлларда ҳаракатланиш тезлигини ошириш ёки пасайтиришга ҳам маҳаллий даражада рухсат берилади.
Шу билан бирга, маҳаллий бюджетни тузишда Кенгаш депутатлари ўз ташаббуси билан харажатларнинг маълум қисмини шакллантиришда иштирок эта олади.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, маҳаллий Кенгашлар ҳузурида жамоатчилик асосида ёшлар гуруҳлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ва илмий доира вакилларидан иборат маслаҳат гуруҳларини тузиш белгиланган.
Кенгаш котибиятларининг фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларида ижро ҳокимиятидан мустақил молиявий ҳисоб-китоб тизими жорий этилади.
Шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши раиси ўринбосари лавозимининг таъсис этилиши ҳам муҳим янгилик ҳисобланади.
Фармонга кўра, вилоят, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) ҳокимларининг ўринбосарлигига номзодлар тегишли маҳаллий Кенгашлар доимий комиссияларида аввалдан муҳокама қилинади.
Маҳаллий Кенгашларда депутатлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида “Кенгаш соати” жорий этилиб, бу орқали ижро ҳокимияти раҳбарлари муҳим ижтимоий масалалар юзасидан ҳисобот беради.
Маҳаллий Кенгашлар қарор қабул қилишда очиқликни таъминлаш мақсадида фуқаролар учун сессиялардаги муҳокамаларни бевосита кузатиш имконияти яратилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Бундан ташқари, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида “E-Kengash” электрон платформаси “Қулайлик – соддалик – хавфсизлик” тамойили асосида доимий равишда такомиллаштириб борилади.
Бу платформа орқали ҳужжатлар блокчейн технологияси асосида хавфсиз сақланади, қарор лойиҳаларини тайёрлашда тезкорлик ва қулайлик таъминланади.
Шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида қарор лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш имкони яратилади.
Сессияларни жонли эфирга узатиш амалиёти ҳам тизимли равишда йўлга қўйилади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармон мамлакатда давлат бошқарувини номарказлаштириш, халқ ҳокимиятчилигини мустаҳкамлаш ва маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ролини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий ва узвий давомидир.
Концепция доирасида белгиланган вазифаларни ўз вақтида, сифатли ва самарали бажарилиши маҳаллий Кенгашлар ҳамда депутатларнинг назорат фаолияти самарадорлигини ошириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, рақамлаштириш орқали бюрократиянинг олдини олиш, энг муҳими, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Бу, ўз навбатида, “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойилининг тўлақонли рўёбга чиқиши учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади.
Нозимжон ЭРГАШЕВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси