Андижонда

Маҳкум ва маҳбуслар: РУҲАН ВА ЖИСМОНАН ҚИЙНОҚҚА СОЛИНЯПТИМИ?


18.11.2022   261

Янги Ўзбекистонни барпо этишда барча соҳалардаги каби инсон ҳуқуқлари муҳофазасига йўналтирилган чора-тадбирларни ҳам замон талабидан келиб чиқиб тубдан такомиллаштириш талаб этилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - омбудсман зиммасидаги масъулият анчагина залворли эканини айтиш жоиз.

Тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш, маҳкум ва маҳбусларга яратилган шароитларни ўрганиш тизимини ислоҳ қилиш вазифаси шулар жумласидан. Хусусан, қийноқларнинг олдини олишда омбудсман ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтириш заруратини давлатимиз раҳбари ҳам ўз Мурожаатномасида таъкидлаб ўтгандилар.

Вилоятимизда жойлашган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш Департаменти Иккинчи минтақавий ҳудуд 3-сон тергов ҳибсхонаси фаолияти билан яқиндан танишиш асносида бу ерда сақланаётганларнинг яшаш шароитларини ҳам ўрганишга ҳаракат қилдик.

1917 йилда ташкил топган мазкур тергов ҳибсхонасида айни вақтда 600 нафардан зиёдмаҳкум ва маҳбусларга Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва амалдаги қонунчилигимизда белгиланган тартибда муомала қилиш, ҳуқуқ ва мажбуриятларини поймол қилмаслик, муносабатнинг шавқатсиз ва ғайриқонуний турларидан фойдаланмаслик ҳамда инсон ҳуқуқларини бузилишига йўл қўймаслик, уларнинг ўзларига берилган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланишларини таъминлаш бўйича қонуний тартиб ташкил этилган.

“Маҳкумлар ошхонаси”даги таом тайёрлаш жараёни, озиқ-овқат маҳсулотларининг қонунчиликда белгиланган меъёрий талабларига мос келиши, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиниши кўнгилдагидек. Хўжалик ишларини бажариш учун қолдирилган маҳкумларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, жамиятга фойдали инсон сифатида қайта тарбиялаш мақсадида муассаса маъмурий биносида жойлашган кутубхонадаги 2000 дан зиёд турли йўналишдаги адабиётлар, газета ва журналлар мутолааси доимий равишда шахсий вақтларида фойдаланишлари учун қулай. Маҳкум ва маҳбусларга кўрсатилаётган тиббий, психологик хизмат, оила аъзолари билан учрашиш учун шароитлар яратилган.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими институционал базасининг кенгайтирилиши ва мустаҳкамланиши ушбу йўналишдаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш йўналишида кейинги йилларда бажарилаётган ишларнинг натижаси бўлди. Айниқса, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Мазкур йўналишда тергов ҳибсхонасидаги ҳолат билан қизиқдик. Айбланувчилар орасида вояга етмаганлар ва аёлларнинг борлиги кўнгилни хира қилади, албатта. Улар билан суҳбатлашарканмиз, кўзларидаги, сўзларидаги пушаймонликни сезиш қийин бўлмади.

Тартибот биноларидаги “Омбудсман қутилари” эътиборимизни тортди. Белгиланган тартибда муҳрланган қутилармаҳкум ва маҳбусларнинг доимий қатнов йўлагида, кўринарли жойга қўйилган. Улар ўз мурожаатларини эркин, хат тарзида йўллаб шу қутига солишлари мумкин. Ушбу мурожаатларни биз ҳудудлар кесимидаги таҳлил асосида депутат ва сенаторлар, қолаверса, ижро органлари вакиллари билан биргаликда ҳал этишга ҳаракат қиламиз. Энг муҳими, мурожаатлар билан ишлашда натижадорликка, ҳар бир мурожаат ечими топилишига асосий эътибор қаратилади.

Шунингдек, бугунга келиб ҳибсхонада хўжалик ишларини бажариш учун қолдирилган маҳкумларни яқин қариндошлари билан кўришишлари учун “Узоқ муддатли учрашув хонаси”нинг қурилиши бошланган. Бу ҳам инсонийлик тамойилларининг илгари сурилаётгани нишонаси.

Инсон қадри ҳар недан улуғ! Уни камситишга, ўз манфаати йўлида ҳуқуқларини поймол этишга, руҳан ва жисмонан қийноққа солишга ҳеч ким ҳақли эмас. Омбудсман институти инсон ҳуқуқларини тиклаш, адолатни қарор топтириш, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига йўл қўймаслик, қонуний манфаатларини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланганини амалда ҳам исбот этиш вазифамиздир.

Гулнора АБДУВОҲИДОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

Инсон ҳуқуқлари бўйича(омбудсман)

Андижон вилоят минтақавий вакили.