Мактабгача таълим муассасаларида: КЎЗЛАРИНГДА ҲАЙРАТ КУЛСИН, БОЛАЖОН!
11.08.2022 569
Дунёни ёрқин рангларда кўрай десангиз, болаликка қайтинг. Болалик! Дунёга ҳайрат билан боққан нигоҳлар... Улардан беғуборликнинг, бахтиёрликнинг нафаси туясиз. Кулгуларидан келажакнинг тантанавор саси келади. Бола тарбияси эса ҳар доим долзарб масалалардан бири бўлиб келган. Бу борада эса жойларда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бунга биргина Андижон туманидаги 29 – ДМТТ фаолиятини қилиб келтириш мумкин.
Ушбу даргоҳ 2019 йилда республика бюджети ҳисобидан 3 млрд сўмга қайта таъмирланиб, ҳозирда 280 нафардан зиёд тарбияланувчиларни ўз бағрига олган. Муассаса замонавий мебеллар жамланмаси, мусиқа асбоблари, хилма-хил ўйинчоқ ва бошқа зарур жиҳозлар билан тўла таъминланган. Ҳудудда болалар учун ўйин ҳамда спорт майдончаси, мўъжазгина яшил макон барпо этилган.
Бинога киришингиз билан ўз замонасида унутилмас из қолдирган буюк аждодларимизнинг сиймолари акс этган девордаги суратлар эътибрингизни тортади. Ёруғ ва кенг хоналар, спорт ва рақс учун мўлжалланган махсус зал, барча қулайликларга эга ошхона, санитар хоналарнинг барчаси болажонлар учун хизматда.
- Болаларни яхши кўрганим, уларга меҳрим ўзгачалиги туфайли ҳам шу соҳадаман, - дейди муассаса директори Муаззамхон Шербоева. - Бола шахс сифатида шаклланишни айнан боғчада бошлайди. У боғчада жамиятда ўз ўрнини топишни ўрганади. Бугунги кунда мамлакатимизда узлуксиз таълим тизимининг муҳим бўғини бўлган мактабгача таълимни ривожлантириш ва фаолиятини такомиллаштириш, тарбияланувчилар учун қулай шароит яратиш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ёш авлодни жисмонан соғлом ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, замонавий билимларни пухта эгаллаши учун барча шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Уларга таълим-тарбия беришда қирқ нафардан ортиқ малакали ўқитувчи ва тарбиячилар иш олиб боряпти. Янги Ўзбекистон янги авлодининг баркамоллиги йўлида бор тажриба ва маҳоратимизни ишга соламиз
Нуржаҳон ЙЎЛДОШЕВА.
Муаллиф олган суратлар
