Марҳамат туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик бошланди
15.04.2026 7
Марҳамат туманида 14 мингдан ортиқ табиий газ истемолчилари истиқомат қилади. Уларга жорий йилги куз-қиш мавсумида бир маромда табиий газ етказиб бериш учун “Марҳаматтумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан куз-қиш мавсуми тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.
“...Жорий йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик режамизда 3 та газ тақсимлаш қурилмасини мукаммал таъмирлаш бор, - дейди “Марҳаматтумангаз” газ таъминоти бўлими муҳандиси Ботиржон Абдуллаев.- Шунингдек, мавжуд 14 та қурилманинг барчасида техник тафтиш ишлари ўтказилади. Ҳозирда “Наврўз” МФЙ “Алпомиш” кўчасидаги газ қувурлари эстетик жиҳатдан тартибга келтирилиб, бўёқланмоқда...”
Жорий йилги мавсумга тайёргарлик жараёнида 8.9 км газ қувурларини босим остида синаш ва ҳаво босими ёрдамида тозалаш кўзда тутилган.112 км турли босимдаги ер ости газ қувурларининг ҳолати махсус асбоб ёрдамида текширилади ҳамда 15.5 км қувурлар бўёқланиб, тартибга келтирилади.Истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлашнинг уч босқичли тизимидан икки босқичли тизимига ўтишда 890 та хонадонга регуляторлар ўрнатилиши ва 4 дона газ тақсимлаш қурилмасини демонтаж қилиш режалаштирилган. Якунда эса 6 та МФЙдаги мингдан ортиқ хонадоннинг табиий газтаъминотидаги муаммолар ўз ечимини топади.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати
