Андижонда

Машҳур боғдаги ўзгаришлар: «НОДИРАБЕГИМ» ҚАЙТА ЧИРОЙ ОЧМОҚДА


15.10.2022   296

Айни кунда Андижон шаҳри, Университет кўчасида жойлашган "Нодирабегим" маданият ва истироҳат боғида улкан бунёдкорлик, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.

Андижон шаҳар ҳокимининг 2014 йил 24 апрелдаги 240-Қ сонли қарорига асосан Ўзбекистон маҳалла ва хайрия жамоат фонди шаҳар бўлинмаси тасарруфида бўлган мазкур боғ шаҳар маданият ва спорт ишлари бўлими ихтиёрига берилган.

Ўтган давр давомида бу ердаги қаровсизлик ва бошқа ҳолатлар барчага маълум. Айрим сабабларга кўра, бир муддат ушбу масканда олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишлари барибир чала қолаверган. Халқ тилида Комсомол кўли деб аталадиган сув ҳавзаси кўп йиллар давомида андижонликлар учун хизмат қилиб келганини ҳамма билади. Бироқ ҳудуд каби кўл ҳам ташландиқ ва хароб ҳолатга келиб қолган эди. Айтиш жоиз, боғнинг умумий майдони 16 гектар бўлиб, шундан 6 гектарини кўл эгаллайди. Аслида 1955 йилда Андижон шаҳар халқ депутатлари Кенгаши томонидан кўл учун 14,5 гектар майдон ажратилган. Ҳозирда дам олиш масканини тиклаш, жумладан, кўлни сув билан тўлдиришга қарор қилинди. Албатта, аҳолининг таклиф ва илтимосларига кўра кўл қайта тикланмоқда. Бугунга келиб кўл тўлдирилди. Спортчилар байдарка спорти билан шуғулланишяпти. Қайиқлар ва аттракционлар келтирилди. Шунингдек, Тошкент шаҳридан махсус катерлар олиб келиниб, фойдаланишга топширилди. Йўлингиз тушса, кўл бўйлаб катерларда сайр қилаётганларни кўришингиз мумкин. Игнабаргли ва бошқа манзарали дарахтлар ўтқазилмоқда. Боғ бир қадар гавжумлашиб қолганининг, ободонлаштириш, реконструкция ишларини кузатиш, дам олиш илинжидаги аҳолининг келиб-кетаётганларига гувоҳ бўляпмиз.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ташаббуси билан "Нодирабегим" маданият ва истироҳат боғида бошлаб юборилган бунёдкорлик тадбирлари замирида масканни мутлақо янги замонавий қиёфага киритиш кўзда тутилган. Боғ ичига дам олиш ва ҳордиқ чиқариш учун мўлжалланган бино ва иншоотлар қуриш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, фаолиятини такомиллаштириш кабилар шулар жумласидан. Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳамда қатор мутасадди ташкилотлар масъуллигида амалга оширилаётган ушбу эзгу юмушлар яқин кунларда боғнинг қайта юз очишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Вилоят иқлимини ҳисобга олган ҳолда масканда экобоғ барпо қилинаётгани эзгу ташаббусдир. Мутахассислар фикрича, кўл ва яшиллик билан ҳаво мўътадиллашувига бир қадар эришилади. Дам олувчилар учун бу яна бир қулайликдир.

Йўқолаёзган кўл қайта тикланди, эндиликда эса чўмилиш ҳавзаси, югуриш майдончаси, савдо дўконлари, музқаймоқ ва салқин ичимликлар расталари, дам олиш маскани барпо қилиняпти ва улар юртдошларимизнинг маданий ҳордиқ олишларига имкон яратади.

Шунингдек, Хитой давлатидан яна турли замонавий аттракционлар олиб келиб ўрнатилиши кўзда тутилган.

Зилола РАҲМОНОВА.

ХурсандбекАРАББОЕВ олган суратлар.