Андижонда

МАСЪУЛИЯТНИ УНУТГАН БАНК МИЖОЗЛАРИ


27.01.2022   720

Кейинги вақтда аҳоли банк кредитларидан кўп фойдаланмоқда. Амалдаги қонунчилик асосида кўрсатилаётган моддий кўмак истиқболли лойиҳаларнинг қанот ёзиши, фуқаролар ва оилаларнинг иқтисодини мустаҳкамлашига хизмат қиляпти. Бу, албатта, яхши. Бироқ масаланинг бошқа бир томони ташвишланарли.

Халқимизда олмоқнинг бермоғи бор, деган гап бор. Айрим қарз олувчилар шу жойга келганда нимагадир зиммасидаги масъулиятни унутиб қўймоқда. Молия муассасаси қўллаб-қувватлаганда ҳаммаси яхши, қайтаришда эса ўринсиз оворагарчиликлар. Натижада банк ходимлари ўз иши қолиб, қарздорликнинг ортидан юриб вақт йўқотяпти.

Юқоридагилар ўз ўзидан судларда кредит ва қарз муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни кўриш ишлари кўпайишига ҳам сабаб бўляпти. Бу айни вақтда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш лозимлигини кўрсатади.

Шу ўринда кредит шартномаси тушунчасига изоҳ бериш мақсадга мувофиқдир. Кредит шартномаси бўйича бир тараф – банк ёки бошқа кредит ташкилоти(кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пулни қайтариш ва унинг учун фоиз тўлаш мажбуриятини олади. Шартномада нима мақсадда пул ажратилаётгани, шартноманинг амал қилиш муддати, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, тўлов жадвали, низоларни ҳал этиш тартиби кўрсатилади.

Кредит шартномасидан келиб чиқиб, олинган пул маблағини белгиланган жадвал асосида қайтаришмуҳим омиллардан ҳисобланади. Акс ҳолда кредит шартномаси муддатидан олдин бекор қилинишига сабаб бўлади.

Шу ўринда қуйидаги мисолга эътибор қаратайлик. Даъвогар “Hamkorbank” АТБ Қўрғонтепа филиалининг жавобгар Х, И. га нисбатан кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш, кредит қарздорликни ундириш, ундирувни гаровдаги мулкка қаратиш хақидаги аризасига шундай холат сабаб бўлган. Фуқаро Х.И. 2018 йил 19 октябрдаги шартномага асосан банкдан йиллик 28 фоиз устама тўлаш шарти билан 37 ой муддатга 84 миллион 200 минг сўм миқдорида кредит олган. Гаров таъминоти сифатида унга тегишли мулк гаровга қўйилган.

Албатта банк филиали томонидан шартнома шартлари тўлиқ бажарилган. Ахир фуқароларга молиявий кўмак мазкур муассаса фаолиятининг асосини ташкил этади.

Афсуски жавобгар берилган маблағни қайтаришга келганда шартнома шартларига амал қилмайди. 2021 йил 21 февралъ холатига унинг қарздорлиги 69 миллион 469 минг сўмни ташкил этади. Савол туғилади: бу қонунларимизга ҳурматсизикми ё лоқайдликми? Балки шартнома шартларини бажаришдан бош тортишдир?

Суд мажлисида Х.И. ўз ҳатосини тан олиб, қарздорликни тўлаб беришини билдирди. Бироқ энди кеч бўлганди. Банк филиали ва жавобгар ўртасида тузилган шартнома муддатидан олдин бекор қилиниб, қарздорлик ундирилиши кўрсатилди.

Ҳудди шу каби “Hamkorbank” АТБ Қўрғонтепа филиалидан жавобгар А.М.29 миллион 850 минг сўм, яна бир жавобгар З.О. 15 миллион сўм кредит олгани ҳолда қайтаришни пайсалга солган. Ҳар икки иш ўрганилиб, суд қарори билан кредит шартномаси муддатидан аввал бекор қилинди.

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг. Банкнинг ишончини оқламаган юқоридаги фуқаролар бундан буён қандай йўл тутади? Агар моддий кўмак зарур бўлса қаерга мурожаат қилади?..

Хулоса қилиб айтганда, қарз берувчи ва қарз олувчи асрлар давомида амалда бўлиб келган миллий урф-одатларимизга, амалдаги қонун талабларига риоя қилиши шарт. Ана шундатурли низоларнинг келиб чиқишига, ортиқча оворагарчиликларга барҳам берилади.

Рустамжон СУЛТОНОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа

туманлараро суди судъяси.

Акбаржон НАЗАРОВ,

журналист.