Андижонда

МАТБУОТ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ХОДИМЛАРИ КУНИ ТАНТАНАЛИ НИШОНЛАНДИ


27.06.2022   229

Давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва ошкоралик тамойилларини мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратини кучайтиришда журналистларнинг ўрни беқиёс. Айниқса, глобал ахборот майдонида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш, юртимиздаги яратувчилик ва янгиланиш жараёнларини тезкор ва холис ёритиш масъулиятли вазифа эканлигини бу касб фидойилари яхши билишади.


Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни кенг нишонланди. Журналистлар, матбаа ходимлари, матбуот хизмати вакиллари Андижон шаҳридаги муҳташам "Шодлик" тантаналар саройида ҳурмат ва эҳтиром билан кутиб олиндилар.

Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов йиғилганларни самимий қутлаб, соҳа ходимлари меҳнатини эътироф этди. Фахрий журналистлар, ўз касбининг фидойиларига Фахрий ёрлиқлар ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.

Катта концерт дастуридан Қорақалпоғистондан ташриф буюрган ёш санъаткорларнинг чиқишлари ҳам ўрин олди.

  • Бугунги байрам шукуҳи барча журналистларнинг илҳомини жўш урдириб юборди, десам янглишмайман, - дейди фахрий журналист Ғолибжон Абдуллаев. – Қадрли таҳририятим – “Андижоннома” ва “Андижанская правда” газеталари жамоасига куч-қувват тилайман. Замон шиддаткор. Унга жавобан ижодкорлар ҳам шитоб билан меҳнат қиляпти.

Илгари газетамиз ҳафтада икки бор чиқарди. Баъзида ахборотнинг тезкорлиги йўқоларди. Ҳозир andijonnoma.uz, auz.uz электрон сайтлари ана шу бўшлиқни тўлдиряпти, дея ишонч билан айтаман. Бу сайтларда меҳнат қилаётган онлайн гуруҳи вилоятнинг ижтимоий-маънавий, иқтисодий-сиёсий ҳаётини жуда тезкорликда, аниқ ва далилларга бой равишда ёритиб келмоқда. Интернетда ахборот манбалари бисёр. Кўп кузатаман. Лекин савия ва савод билан ёзилган, чуқур таҳлил ва мантиққа эга маълумотни малакали журналистларгина бера оляпти.

Айни меҳнатлар эътироф этилган тадбир давомида устоз ва шогирдлар файзли дастурхон атрофида дилдан суҳбат қурдилар.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.