МАВСУМГА ПУХТА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИЛМОҚДА
11.05.2023 222
Кексаларимиз ўзаро суҳбатларида, айниқса об-ҳаво ҳақида гапирганларида “қишни ғамини ёзда е” дея кўп таъкидлашади. Ушбу мақол халқимиз орасида юз йиллардан бери ишлатилсада, бугунги кунда газ соҳаси ходимларига нисбатан ҳам ишлатилаверади. Зеро, ёз кунларида куз-қиш мавсумига пухта тайёргарликмавсумнибеталофат ўтишида муҳим аҳамият касб этади. “Жалақудуқтумангаз”газ таъминоти бўлими ходимлари ҳам келгуси мавсумга тайёргарликни аллақачон бошлаб юборганлар.
“Жорий йилда 72 та газ тақсимлаш қурилмаларини йиллик техник тафтишдан ўтказиш, 9.9 км газ қувурларини ҳаво босими остида синаш ва тозалаш, 13 км ер ости газ қувурлари ҳолатини текшириш ҳамда 2.8 км қувурларни бўёқлашни мақсад қилиб қўйганмиз. Шунингдек, “Ҳасанқовоқ” МФЙдан “Гулистон”, “Навоий”, “Бозорбоши”, “Ғозичек” МФЙлар йўналишидаги 3.5 кмлик ер усти ўрта босимли диаметри Д-159 мм бўлган газ тармоғини2.1 км қисмини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади”, - дейди “Жалақудуқтумангаз”газ таъминоти бўлимининг муҳандиси Жўрабек Рўзиев.
Шу кунга қадар Жалақудуқ тумани аҳолисига табиий газ етказиб берувчи 72 дона газ тақсимлаш қурилмаларидан 13 донаси тўла техник тафтишдан ўтказилди ва созланди. 0.3 км қувурлар бўёқланиб, хизмат муддатлари янада узайтирилди. Шу ой якунига қадар 13 км ер ости газ қувурларининг ҳолати махсус асбоб ёрдамида текширилиши режалаштирилган. Натижа эса маълум, ҳозиргача 1200 дан ортиқ хонадоннинг табиий газ таъминотида муаммо бўлмайдиган бўлди.
“Соҳада 31 йилдан бери фаолият олиб бораман. Барча қурилмалар менга ёд бўлиб кетган. Техник тафтишни соз ўтказсак, қишда, энг аввало, ўзимиз қийналмаймиз. Чунки аҳолига узлуксиз ва бир маромда табиий газ етказиб беришда қурилмаларнинг бетўхтов ишлаши муҳим аҳамият касб этади”, - дея бизга тушунча берди чилангар Носиржон Парпиев.
Кун давомида Жалақудуқ туманида ер усти газ қувурларининг ҳолати, газ тақсимлаш қурилмаларида олиб борилаётган техник тафтиш ҳамда режим созлаш ишлари билан танишдик. Бўёқланган қувурлар, чиройли қилиб битказилган газ тақсимлаш қурилмалари эса чилангарларнинг чин дилдан ишлаганидан далолат бермоқда.
"Hududgaz Andijon" газ таъминоти филиали матбуот хизмати