Андижонда

МЕБЕЛЬ САНОАТИ МАРКАЗЛАРИ МАҲАЛЛАЛАР АТРОФИДА ТАШКИЛ ҚИЛИНАДИ


08.11.2022   194

Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли ҳудудларда кичик ишлаб чиқаришлар кўпаймоқда. Одамлар иш билан таъминланиб, бозорбоп маҳсулотлар тайёрланмоқда. Бироқ дунёдаги мураккаб вазият, транспорт-логистикадаги узилишлар тармоққа салбий таъсир қилаяпти.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 7 ноябрь куни маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйичаўтказилган видеоселектор йиғилишидашу каби камчиликлар, соҳадаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

– Саноат тармоқлари раҳбарлари, ҳокимлар бу қийин шароитда имконият излаши, ички захираларни ишга солиб, таклиф ва ташаббус кўрсатиши керак. Ҳамма масалаларни ўз кучимиз, меҳнатимиз, интилишимиз билан фақат ўзимиз ҳал қиламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Тўқимачилик тармоғини янгича суръатда ривожлантириш, келгуси йилда 5 миллиард долларликдан зиёд экспорт қилиш бўйича дастур қабул қилинади.

Яна бир кенг қамровли йўналиш – қурилиш материаллари ишлаб чиқариш. Бу тармоқда маҳсулот тури ҳам, иш ўринлари ҳам кўп. Шу боис Президентимиз бундай корхоналарни қўллаб-қувватлашга қаратилган «саноат ипотекаси» дастурини ишлаб чиқиш ташаббусини билдирди. Бунга биринчи босқичда 50 миллион доллар йўналтирилади, кредитлар 7 йиллик, 2 йил имтиёзли давр билан берилади.

Нукус шаҳри, Булоқбоши, Қоровулбозор, Фориш, Чуст, Пахтачи, Сариосиё, Ўзбекистон туманларида қурилиш материаллари индустриал зоналари, Ангрен шаҳрида чинни идишлар ва сантехника буюмлари кластери ташкил этилиши айтилди. Тармоқда экспортни 1 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб қўйилди.

Шунингдек, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Андижон, Фарғона ва Хоразмда 100 га яқин маҳаллада мебелсозлик халқ ҳунармандчилиги даражасига кўтарилганлиги қайд этилди. Президентимиз ҳунармандларга шароитларни кенгайтириш мақсадида бу маҳаллалар атрофида мебель саноати марказлари ташкил қилиш зарурлигини таъкидлади.

Мебелсозлик учун божхона имтиёзлари муддатини 2024 йил 1 январга қадар узайтириш, бу тармоқдаги лойиҳаларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.