Андижонда

МЕҲР ВА ЭЪТИБОРДАН ҲЕЧ КИМ ЧЕТДА ҚОЛМАЙДИ...


03.12.2022   213

Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги резолюциясига мувофиқ ҳар йил 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни сифатида кенг нишонланади. Андижон давлат университетида сана муносабати тадбир ташкил этилди. Тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, ҳудудда истиқомат қилаётган 75 мингдан ортиқ имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқароларимизга эзгу тилакларини билдирди.

Шунингдек, ушбу фуқароларга кўмаклашиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритди. Айтиш жоизки, вилоятимиздаги “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшовчилар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Ўтган вақт давомида Бўтақора эркаклар “Мурувват” ҳамда Чувама аёллар “Мурувват” уйлари, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида давлат бюджетининг 65 миллиард сўм маблағb эвазига қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.

2022 йилда якка-ёлғиз, ногиронлиги бор, нафақадаги фуқароларга 2 минг 582 дона “Олтиариқ”, “Товоқсой”, “Косонсой”, “Маржон суви”, “Нуронийлар”, “Беш чашма” ва “Бобур” сиҳатгоҳларига соғлиғини тиклаш учун имтиёзли, бепул йўлланмалар берилди. Уйда яшовчи, ўзгалар ёрдамига муҳтож ёлғиз кексалар ва фахрийлар ҳам доимий эътиборда. Бу каби эзгу ишларимиз бардавом бўлади.

Жараёнда вилоят ҳокими ҳамюртларимизга ўз совғаларини топширди. Санъаткорлар томонидан ижро эътилган куй ва қўшиқлар барчани даврага чорлади.