Менежмент илми иқтисодий тараққиёт формуласига айланяпти

18.07.2025 101
Жаҳон миқёсидаги мураккаб жараёнлар, мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт даври натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда, кейинги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимиз фаровонлигини янада ошириш устувор вазифага айланди. Хусусан, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқи ва манфаатини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга урғу берилмоқда. Жумладан, Президентнинг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилашда муҳим омил бўлмоқда.
Глобаллашув шароитида дунё рақамлашиб бормоқда. Ўз-ўзидан Янги Ўзбекистоннинг истиқболи иқтисодиёт, саноат, таълим, менежмент, бизнесда яратувчиликни ошириш масаласини кун тартибига қўймоқда. Жумладан, халқаро иқтисодий муносабатлар, муаммо ва ечимлар, банк-молия тизимини трансформациялаштириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, инновация ва иқтисодиётни рақамлаштириш шароитида иқтисодиёт ва бизнес бошқарувини такомиллаштиришга жаҳон тажрибасини татбиқ этиш муҳим саналади.
Бугуннинг яна бир талаби ҳар қандай корхона ва ташкилот ёки муассаса раҳбари иқтисодий билим ва кўникмаларга эга бўлиши билан бирга, менежментлик салоҳиятини ҳам ўзлаштирган бўлиши лозим. Менежмент бу бошқаришни ташкил этиш. Унинг ҳолати ишлаб чиқариш самарадорлигига, техника ва технология даражаси ҳамда ишчи кучининг сифатига бевосита таъсир кўрсатади.
Агар раҳбарда менежментлик қобилияти бўлса, у бошқарувнинг замонавий усулларини, раҳбарлик салоҳиятини қўллаган ҳолда фаолиятни иқтисодий рақобат майдонига дадил олиб киради. Шу боис, бугун бозор муносабатлари шароитида барча бўғинларда ишлай оладиган юқори малакали бошқарувчиларни тайёрлашга аҳамият қаратилмоқда.
Корхонада амалга оширилаётган барча операциялар - техника, тижорат, молия, мол-мулк ва ходимларнинг меҳнат шароитлари ва интизоми, ҳисоб-китоб, маъмурий фаолият менежмент тамойиллари орқали мувофиқлаштириб турилади. Шунингдек, менежмент билан махсус тайёргарлик кўрган, бошқаришнинг қонун-қоидаларини чуқур биладиган малакали мутахассислар - менежерлар шуғулланади.
Айрим тадқиқотлар менежментни кишилардан нафли самаралар олиш санъати, деб ҳисоблайдилар. Мукаммал менежментнинг хос белгилари: фаолиятга, изланишга тарафдорлик; истеъмолчига яқинлик; унумдорликни таъминлашда инсоннинг ҳал қилувчи ўрни; тадбиркорликни рағбатлантирувчи мустақил идора қилиш ҳуқуқи; асосий фаолият турига бирламчи эътибор қаратиш, эркинлик ва кучли назоратни биргаликда қўллашдир.
Мен раҳбарлик қилаётган корхона жамоаси мамлакатимиз иқтисодиётининг ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда импорт маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, бунинг учун янги лабораториялар бунёд этиш, мавжудларини халқаро талабларга мувофиқ жиҳозлаш, уларда фаолият кўрсатадиган кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Албатта, ҳар қандай маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолашда синов лабораториялари муҳим. Шу сабабли, халқаро стандартлар (ISO, IEC, UNECE, EN, CODEX STAN) талабларига мувофиқ ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг синовларини тўлиқ амалга оширадиган замонавий синов лабораториялари зарур.
Иқтисодиётни модернизациялаш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш мамлакатимиз иқтисодиётига ва унинг корхоналарига иқтисодий фаолиятни янада ривожлантиришни талаб қилмоқда. Бунга саноат корхоналарида менежмент ва маркетинг фаолиятини ташкил этиш ва унинг самарасини орттириш орқали эришиш мумкин.
Мамлакатимизда автомобиль саноати фаолиятини тубдан такомиллаштириш билан боғлиқ ислоҳотлар самарадорилиги соҳанинг иш ва бозор фаоллигини оширишни талаб этади. Бозор фаоллиги эса бевосита инвестицион жараён, унинг самарадорлиги ва сиғимига боғлиқ. Бу автосаноат корхоналари таркибига кирувчи акциядорлик жамияти акцияларини маҳаллий ва халқаро фонд бозорларида оммавий жойлаштириш орқали намоён бўлади. Автосаноат корхоналарининг бозор фаоллиги ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва сифат жиҳатидан такомиллаштириш, корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш, бозорга йўналтирилган маркетинг стратегиясидан фойдаланиш орқали халқаро ва миллий бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш даркор.
Автомобиль бозорларида оралиқ сегмент деб аталувчи бутунлай янги сегментларни излаш ва ташкил этиш ишлари олиб борилмокда. Бундай анъана корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, мавжуд иқтисодий ресурслардан самарали фойдаланишни назарда тутади.
Автомобиль саноати корхоналари харидорлар фаол бўлган онлайн платформаларда яхши мазмунга эга маркетинг маҳсулотларини тақдим этишлари лозим. Автомобиль саноати энг муҳим дастлабки вазифалар, яъни харидорларнинг саволларига онлайн жавоб бериш, уларнинг маҳсулот ҳақидаги фикрларига изоҳ бериш, рақамли платформалар орқали бренднинг моҳиятини етказиб бериш кабиларни амалга ошириши зарур.
Иқтисодиёт тармоқларида инновацион менежментнинг ўрни муҳим. У инновацион стратегияни танлаш, янгиликлар ва инновациялар портфелини шаклланиши, лойиҳалар самарадорлигини баҳолаш усулларигача масъулиятнибошқарувчи тизимдир. Зеро, менежмент илми иқтисодий тараққиёт формуласига айланиб бормоқда.
Фарруҳ МАРАҲИМОВ,
“AUTO RUBBER” МЧЖ бош директори.