Андижонда

МИЛЛАТЛАРАРО БАҒРИКЕНГЛИК УЧУН ОВОЗ БЕРДИК!


30.04.2023   220

Андижон шаҳридаги 18 - референдум участкасида ҳам овоз бериш жараёнлари Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграши билан бошланди. Комиссия аъзолари ўзларининг вазифаларига киришгач, участка биноси овоз берувчилар билан гавжумлашди. Айниқса, улар орасида турли миллат вакилларининг борлиги қувончли.

- Ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни сақлаш, динлараро ва миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш ҳисобига халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрўси ошиб бормоқда, - дейди Корейс миллий-маданий маркази вилоят бўлими раиси ўринбосари,Андижон шаҳридаги 11-сон умумтаълим мактаби директори Ольга Чжен. – Мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ижобий ва ўзаро ҳурматга асосланган муҳитни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида миллатлараро ва динлараро муносабатларнинг янги модели яратилди.

Ушбу модель турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги миллатлараро ва динлараро мулоқот, конструктив ёндашув ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигига асосланади. Бу борада Асосий қонунимиз — Конституция нафақат жамият ва давлат тараққиётини белгиловчи олий даражадаги сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат, балки мамлакатимизда яшовчи ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш тарзини кафолатловчи муҳим асосдир. Биз ҳам айни мақсадлар муштараклиги, миллатлараро бағрикенгликнинг янада мустаҳкамланиши учун овоз бердик.

Референдумда ўз овози билан иштирок этаётган мана шундай бошқа миллат вакилларининг бундай холисона, шаффоф, ва одил иштироклари Ўзбекистонда келгусида ҳам миллатлараро муносабатлар ва дин соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар янгича ёндашув ва стратегик мақсадни бирлаштирган тизим шаклланишига хизмат қилади. Мазкур тизимнинг муваффақияти эса юртимизда тинчликни сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, барқарор ривожланиш учун замин яратмоқда. Зеро, замонавий давлатнинг бош мақсади жамиятда ҳамжиҳатлик ва барқарорлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборат.

2-Андижон референдум округи Матбуот маркази.