Миллатлараро дўстлик мустаҳкамланмоқда
13.03.2026 46
Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Олим Нарзуллаев вилоятимизда бўлиб, миллий маданий марказлар ҳудудий бўлимлари фаолиятини ўрганди.
Андижон шаҳридаги “Дўстлик уйи”да қирғиз, рус, уйғур, арман ва корейс миллий маданий марказлари вилоят бўлимлари фаоллари иштирокида ўтказилган учрашувда мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат сабаб юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланганлиги, уларнинг тили, миллий анъана ва урф-одатларини сақлаш, ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Бугунги кунда Андижонда рус, уйғур, қирғиз, корейс ҳамда арман миллий-маданий марказлар бўлимлари самарали фаолият юритмоқда. Улар иштирокида “Ўзбекистон – умумий уйимиз”, “Биз бир оила фарзандимиз” шиорлари остида турли тадбирлар, дўстлик фестиваллари ўтказилиши анъанага айланган.
Миллий маданий марказлар вилоят бўлимларига шу каби тадбирларда жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш, юртимизда яшаётган турли миллат ва элатлар вакилларининг миллий урф-одат, анъана ва қадриятларини кенг намойиш этиш бўйича зарур тавсиялар берилди.
