Атрофга назар

Миллий ғурур: Эгнимда атласу бошимда дўппи...


16.04.2025   242

Сўнгги йилларда миллий қадриятларни асраш, уларни кенг тарғиб қилиш ҳамда авлодлар ўртасидаги боғланишни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар кўлами кенгайди. Масалан, ҳафтанинг бир куни миллий либослар куни сифатида ўтказилиши белгиланди, нафақат ёшлар балки барча ёшдагилар орасида миллий либосларга “қайтиш” кузатиляпти...

Гулҳаё Холматова – Андижон давлат тиббиёт институти ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси:

- Миллий анъаналаримизни, миллий бош кийимларимизни кенг тарғиб қилиш орқали урф-одат ва қадриятларимизга хос бўлмаган кийиниш услубларига тақлиднинг олдини олиш, ёшларда миллий кийиниш маданиятини шакллантириш, кийиниш одоби ва меъёрларига риоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Айни вақтда олийгоҳимизда таҳсил олаётган 11 ярим минг нафардан зиёд талабалар ҳамда педагоглар мазкур тадбирни анъанага айлантиришга сидқидилдан киришдилар, десам муболаға эмас. Ҳар жума куни кўзни қувнатиб, дилни яшнатиб миллий либосда, бошларида дўппи билан кириб келаётган ёшларни кўриб, ўзлигимиздан, ўзбегимнинг ифтихоридан фахр туйғусини туямиз. Ҳатто ушбу тадбир доирасида институтимизда қатор челленжларни, маънавий дастурларни ўтказишни ҳам йўлга қўйиб олдик.

Зилола Баҳромова, - “Агробанк” Олтинкўл тумани филиали ходимаси:

  • Либослар – ҳар бир халқ тарихи билан узвий боғлиқ бўлиб, у миллий ўзига хосликни акс эттиради. Ана шу хослик йиллар ўтиб ўз қадрини, чиройини, бойлигини йўқотмаслиги керак. Уни асраш, авлодларга соф етказиш бугуннинг вазифаси. Жамоамиз билан миллий ифтихорни акс эттирувчи кийимларда, айниқса, миллий дўппиларда мижозларга хизмат кўрсатарканмиз, бундан фақат фахр туямиз.

Муяссархон УМУРЗАҚОВА, - O’zLiDeP масъули:

  • Мен биргина дўппига тўхталишни жоиз топдим. Ўзбек миллий либосининг ажралмас қисми бўлган бу ажойиб бош кийимини тикиш ва безатиш Ўзбекистон халқ амалий санъатининг кенг тарқалган туридир. Илгари бош кийими эркаклар ва аёллар учун бир хил аҳамиятга эга бўлган, дўппи безаги эса, унинг соҳибининг жамиятдаги ижтимоий ҳолатини билдирган. Дўппиларнинг ташқи кўриниши бир-биридан безаги, бадиий рамзларининг уйғунлигига қараб фарқланади. Табиийки, ҳар бир вилоятнинг шароити, атроф-муҳити, аҳоли турмуш тарзи, анъаналари ва умумий маданият ривожи ушбу ҳудуд дўпписининг кўринишига катта таъсир қилган. Масалан, бизнинг андижон дўпписи тўртбурчак шаклда, ёрқин оқ иплар билан тикилган. Қизларимиз эгнидаги атласу адрасларимиз билан уйғун ҳолда йигитларимиз бошидаги дўппи ҳам миллий ифтихоримизни кўксимизга қадайди.

Булар фақат айрим соҳалар мутахассисларининг фикрлари холос. Аслида вилоятимиздаги барча ташкилот, муассаса, идоралар айни тамойилни оммалаштириш ва тарғиб қилишга бел боғлаганлар. Зеро, миллийлик муайян халқни бошқалардан фарқли жиҳатларини кўрсатувчи хусусиятлар мажмуи экан, ўзбекнинг тарихи, қадриятлари, анъаналари, маданияти ва яшаш тарзини миллий либослар, дўппилар орқали барчага сингдиришга масъулият кўзи билан қарайлик.

Зилола РАҲМОНОВА