Атрофга назар

МИЛЛИЙ КАДРЛАР ЗАХИРАСИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШДАН МАҚСАД НИМА?


26.12.2022   539

Бугунги кунда давлат хизматида инсон ресурсларини бошқариш тобора стратегик вазифага айланмоқда. Чунки мамлакатлар энг муҳим ресурс ва энг катта бойлик сифатида инсон ва унинг интеллектуал салоҳияти эканлигини эътироф этмоқда. Шу боисдан ҳам ривожланган давлатларда кадрлар селекциясига ҳамда юқори салоҳиятга эга раҳбар кадрлар захирасини шакллантиришга бирламчи вазифа сифатида қаралади.

Давлат фуқаролик хизматига энг иқтидорли кадрларни жалб қилиниши инновация ва янгилик, иқтисодий ўсиш ва ривожланиш, шунингдек, рақобатбардошликни таъминлашга кучли туртки берадиган омилдир.

Миллий кадрлар захираси-давлат фуқаролик хизматида раҳбарлик лавозимларини малакали кадрлар билан тўлдириш мақсадида истиқболли кадрлар маълумотлар базасидан номзодларни марказлаштирилган ҳолда саралаб олиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва узлуксиз малакасини ошириш тизимидир. Миллий кадрлар захирасини шакллантириш Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуни 25-моддасида мустаҳкамлаб қўйилди [1].

Миллий кадрлар захираси ташкил қилишдан мақсад — давлат фуқаролик хизмати тизимини муносиб раҳбар кадрлар билан таъминлаш, миллий, республика, тармоқ ва ҳудудий даражаларда профессионал тайёрланган самарали раҳбар кадрлар захирасини шакллантиришдан иборатдир.

Миллий кадрлар захирасини шакллантириш ва юритишнинг асосий вазифалари:

- раҳбарлик лавозимларига профессионал тайёрланган, тегишли компетенсияларга эга бўлган, юқори малакали ва муносиб номзодлар рўйхатини тузиш;

- давлат фуқаролик хизматида “карьера модели”ни амалга ошириш;

- миллий кадрлар захирасига киритилган давлат хизматчиларни мақсадли равишда қайта тайёрлаш ва малакасини оширишишларини ташкил этиш;

- миллий кадрлар захирасига киритилган фуқароларни ҳамда давлат фуқаролик хизматчиларининг хизмат поғоналарида ўсишини мониторинг қилиш ва қўллаб-қувватлаш[2].

Хорижий давлатларда кадрлар захираси тушунчаси Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Россия каби давлатларда мавжуд[3].

Кадрлар захираси билан ишлашда Россия етакчи ўринларда тутади. Россияда кадрлар захираси бир неча турларга ажратилади (фаолият турлари, лавозимларни алмаштириш тезлиги, тайёргарлик даражаси ваҳакозо).

Давлат фуқаролик хизматида кадрлар захирасининг мақсадидан келиб чиқиб қуйидаги йўналишларга ажратилади:

1. Фаолият тури бўйича:

Ривожланиш захираси – янги йўналишлар доирасидаги ишга тайёргарлик кўрадиган мутахассис ва раҳбарлар гуруҳи. Улар карьера йўналишининг касбий ёки раҳбарлик бўйича иккитасидан биттасини танлашлари мумкин.

Фаолият юритиш захираси – келажакда ташкилотнинг самарали фаолият юритишини таъминловчи мутахассис ва раҳбарлар гуруҳидир. Бу ходимлар раҳбарлик карьерасига йўналтирилганлар ҳисобланади.

2. Вақтига қараб 2 турга бўлинади:

А гуруҳиҳозирги вақтда юқори лавозимларга кўрсатилиши мумкин бўлган номзодлар;

Б гуруҳияқин бир-уч йил ичида кўрсатилиши режалаштирилган номзодлар.

Россияда Кадрлар захирасини шакллантириш давлат хизматчилари ва фуқаролардан захирага киритиш тўғрисида давлат органига келиб тушган аризалар, аттестация комиссиясининг давлат хизматчисини янада ўсиши ва ривожлантириш мақсадида кадрлар захирасига тавсия этиш тўғрисидаги қарорлари асосида амалга оширилади[4].

Бугунги кунда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ташкил этилган vacancy.argos.uz электрон платформаси орқали миллий кадрлар захираси шакллантирилмоқда.

Бизнингамалиётдамиллийкадрлар захирасини икки тури мавжуд:

1. Истиқболдаги захира –Давлат реестридаги сиёсий ва бошқарув гуруҳларга мансуб лавозимларда фаолият юритаётган давлат фуқаролик хизматчилари, Давлат бошқарув академиясининг магистратураси ҳамда махсус қайта тайёрлаш дастурлари битирувчилари, “Эл-юрт умиди” жамғармасининг магистратура ва докторантура таълим олиш дастурлари битирувчилари, Меҳнат фаолиятида юқори натижаларга эришган маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари, хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, тадбиркорлик фаолияти субъектлари раҳбарлари, хориждаги ватандошлар;

2. Амалдаги захира –Истиқболдаги захирадан саралаб олинган, раҳбарлик лавозимлари учун профессионал тайёрланган, тегишли компетенсияларга эга бўлган, юқорималакали ва муносиб номзодлар.

Миллий кадрлар захираси қуйидаги тамойилларга асосланган ҳолда шакллантирилмоқда:

Тенглик тамойилиюқори салоҳият, билим ва кўникмаларга эга кадрларни юзага чиқаришда лавозими, мавқеидан қатъий назар тенг бўлиши;

рақобатлиликкадрлар ўртасида соғлом рақобатнинг мавжудлиги;

ихтиёрийликмиллий кадрлар захирасига кирган номзод ўз ихтиёри билан босқичлардан ўтиши;

шаффофликномзодларни захирага киритишда ҳеч бир иккинчи томоннинг аралашувисиз, коррупсиядан ҳоли тартибда амалга оширилиши;

холислик ва очиқликзахирага олинадиган номзодларни саралашда холис бўлиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда кадрлар захирасига киритилган номзод қайси сифатлари ёки фаолияти учун киритилгани кўрсатилмоқда.

Шунингдек, кадрлар захираси номзоднинг истиқболикасбий ўсишга йўналтирилганлиги, маълумотига бўлган талаб, ёши, умуман, лавозимдаги ишлаш стажи, соғлигининг ҳолати ва карьерасининг динамиклиги (карьера динамиклиги- ходимнинг ийерархик зинапоядан қанчалик даражада тез кўтарилганлиги тўғрисида маълумот берувчи касбий йўлининг индикатордир) каби тамойилга ҳам асосланмоқда.

Номзодларнинг билими, раҳбарлик салоҳияти ва шахсий сифатларини баҳолаш жараёни қуйидаги босқичларда ташкил этилади:

а) Тест босқичи. Захирага тавсия этилган номзодларнинг барчаси тест синовларда иштирок этади. Тест синовлари номзоднинг билим даражасини ва интеллектуал салоҳиятини, шунингдек, шахснинг психологик хусусиятларини аниқлашга қаратилади;

б) Номзодларнинг компетенсияларини баҳолаш. Баҳолаш (ассесcмент) компетенсиялар бўйича интервю, муаммоли вазиятларга ечим топиш, ақлий ҳужум ва бошқа усуллар ёрдамида амалга оширилиши мумкин.

Номзоднинг компетенсияларини баҳолаш ишлари ассессорлар гуруҳи томонидан амалга оширилади. Ушбу жараёнга мустақил эксперт ва психологлар жалб қилиниши мумкин.

Миллий кадрлар захирасини шакллантиришда ҳозирги кунда қуйидаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ва ечим излаш шу соҳанинг профессионал вакиллари олдида турган долзарб муаммолардан бири ҳисобланади:

- кадрлар қўнимсизлиги юзага келаётганлиги;

- янги келган раҳбарнинг жамоа билан ишлаш кўникмаси мавжуд эмаслиги;

- бошқарув салоҳиятини етишмаслиги;

- ахлоқий-психологик сифатларнинг тўлақонли етилмаганлиги;

- давлат бошқарувига ўз ўзидан келиб қолиш;

- Миллий кадрлар захирасига кириш саралашуви билан (тавсияа сосида) амалга оширилиши;

- давлат фуқаролик хизматчиларнинг ихтиёрий захирага кириш имконияти мавжуд эмаслиги.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, миллий кадрлар захирасини шакллантиришда инсон ресурсларини том маънода ўз касбининг ҳақиқий иқтидорлари билан бойитишга хизмат қилади ва яқин келажакда ўзининг самарасини бера бошлайди.

Хуршидбек МИРЗАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг

Андижон вилоят филиали инспектори.