Атрофга назар

Миллий мерос ва маданият рамзи


19.02.2025   213

Дўппи – Ўзбекистон ва Марказий Осиё халқлари орасида қадимдан машҳур бўлган миллий бош кийим ҳисобланади. У турли шакл ва рангларда, нафосат ва гўзалликка урғу берилган ҳолда тайёрланади. Дўппи нафақат бош кийим, балки халқимизнинг урф-одатлари, маданияти, ҳаёт тарзи, осудалик ва тинчлик, меҳнат ва санъат сингари ҳаётий қадриятларни ўзида акс эттиради.

Юртимиздаги дўппилар бир хил шаклда ва услубда бўлиб қолмай, турли хил дизайнлар ва безакларга эга. бўлган. Улар тайёрланган ҳудудига қараб фарқланади. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос услуб ва нақшлар мавжуд.

1. Андижон дўппи – эни ва бўйи билан бошқа дўппилардан ажралиб туради. Одамнинг ёши, талаб ва ниятларига қараб, нақшларининг ҳам турли маънолари бор. Масалан, фарзанд, давлат, бойлик, ишларнинг юришиши, осудалик, бахт тимсоли бўлган нақшлар ипак ипда нафислик билан чизилади.

2. Чуст Дўппи – Бу энг машҳур дўппи турларидан бири бўлиб, асосан Наманган вилоятининг Чуст туманида ишлаб чиқарилади. Чуст дўппи қора рангда, оқ ипак иплари билан қоматли нақшлар билан безатилган. Дўппи чеккаларидаги ўсимлик ва юлдуз нақшлари унинг ўзига хослигини ифода этади.

3. Фарғона Дўппи – Фарғона водийсида тайёрланган дўппилар ёрқин ранг ва ранг-баранг нақшлари билан ажралиб туради. Бу дўппилар, одатда, хонатлас ёки адрас матоларидан тикилади ва кашта билан безатилади. Фаргъона дўпписидаги нақшлар одатда жонли ва халқнинг шижоатини акс эттиради.

4. Самарқанд Дўппи – Самарқандда тайёрланган дўппилар анъанавий нақшлар билан бойитилган бўлиб, улар асосан ипак ва пахта иплари билан тўқилади. Самарқанд дўппилари ҳашаматли ва чиройли бўлиб, турли рангларда тайёрланади.

5. Бухоро Дўппи – Бухоро дўппилари қимматбаҳо матолар ва ипак иплари билан ишланади. Бу турдаги дўппилар, айниқса, маросимларда кийилади ва Бухоро анъаналари ва бой тарихини акс эттиради.

Зиёда АБДУЛЛАЕВА,

Қўрғонтепа туманидаги

Буюк замин маҳалла ёшлар фаоли.