Атрофга назар

Муҳандислик таълими: Янги Ўзбекистон тараққиётининг таянчи


14.08.2026   8

Давлатимизнинг кучли ижтимоий сиёсатида ёшлар энг устувор йўналиш ҳисобланади. Шундай экан, уларга сифатли таълим ва касб бериш, интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш,муаммоларини ҳал этиш устувор вазифаларимиздан.

Айниқса, техник олий таълим соҳаси — муҳандислик кадрлар тайёрлаш масаласи бугунги кунда давлат сиёсатининг марказига чиқди. Президентимиз муҳандислик олимлари ва ёшлар билан ўтказган учрашувларида бу соҳага алоҳида эътибор қаратди. Қабул қилинган қарорлар ва йўл-йўриқлар муҳандислик таълимини янги босқичга кўтаришга, иқтидорли мутахассисларга давлат томонидан янада кўпроқ эътибор берилишига, янги йўналишлар очилишига замин яратди. Буларнинг барчаси оддий сўз эмас — ҳаётга татбиқ этилаётган аниқ сиёсат.

Бу йил Тошкент шаҳрида ўтказилган "Келажак муҳандислари" халқаро фестивали институтимиз учун алоҳида аҳамият касб этди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 1 сентябрда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тянжин саммитида илгари сурган ташаббуси асосида ташкил этилган ушбу нуфузли фестиваль доирасида ШҲТ аъзо давлатлар ва бошқа мамлакатлардан 14 мингга яқин ёш дастурчи ва муҳандислар ўз кучи ва билимини синади. Авиация, агротехнологиялар, машинасозлик, робототехника, "яшил" энергетика, архитектура ҳамда тиббиёт муҳандислиги каби 9 та йўналиш бўйича кўргазмалар, олимпиадалар ва инновацион танловлар бўлиб ўтди. Андижон давлат техника институти жамоалари ушбу халқаро майдонда муносиб иштирок этиб, бир қатор йўналишларда совринли ўринларни қўлга киритди.

Интеллектуал бошқарув ва робототехника кафедраси бошчилигидаги жамоа "First Uzbekistan" мусобақасида юксак маҳорат намоён этиб, Хитойда ўтказиладиган финал босқичига йўлланма олди. Умумтехника фанлари кафедраси жамоаси "Механизмлар эстафетаси" йўналишида 2-ўрин эгаллади. Машинасозлик технологияси ҳамда Технологик машиналар ва жиҳозлар кафедралари жамоаси "Қишлоқ хўжалиги инновацион техникалари" йўналишида 2-ўринга сазовор бўлди. Автомобилсозлик ва транспорт кафедраси жамоаси эса "Янги авлод электромобиллари" йўналишида 3-ўринни қўлга киритди.

Алоҳида эътиборни тортган лойиҳалардан бири — ASTI Motosport жамоасининг "Робот сапёр" инновацион ишланмаси бўлди. Ушбу ечим катта қизиқиш уйғотиб, мамлакатимиз мудофаа тизимини такомиллаштиришга хизмат қилиши мумкин бўлган истиқболли технология сифатида баҳоланди. Якуний натижада институтимиз умумжамоавий ҳисобда II ўринни эгаллади — бу кучли халқаро рақобат шароитида қўлга киритилган муносиб натижа.

Бугунги кунда Андижон давлат техника институти дунёнинг 42 та хорижий олий таълим муассасаси билан меморандум ва ҳамкорлик шартномалари тузган. Бу рақам ўз-ўзидан эмас — ушбу ҳамкор университетларнинг 32 таси QS, Times Higher Education (THE) ҳамда Жаҳон университетларининг академик рейтинги (ARWU) каби нуфузли халқаро рейтингларнинг ТОП-1000 талигидан жой олган. Жумладан, QS World University Rankings бўйича ТОП-500 га кирувчи 5 та ҳамкор университетимиз бор: Shanxay Jiao Tong университети (36-ўрин), Ҳиндистон Технология институти (118-ўрин), Турин политехника университети (206-ўрин), Ўрта Шарқ техника университети METU 269-ўрин) ва Турин университети (405-ўрин). Бу рақамларга қараган киши институтимизнинг қайси даражадаги илмий муҳит билан ҳамқадам эканини англаб олади.

2019 йилдан буён Шимолий Хитой Технология Университети билан ривожланиб келаётган ҳамкорлик доирасида бугунги кунга қадар 22 нафар талабамиз қўшма таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаб, икки давлатнинг дипломини қўлга киритди. Энди бу ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда: 2+2 қўшма бакалавриат таълим дастури йўлга қўйилиши режалаштирилган. Талабалар дастлабки икки йил институтимизда, кейинги икки йил Хитойдаги ҳамкор университетда таҳсил олиб, икки диплом олиш имкониятига эга бўладилар.

"Ахборот тизимлари ва технологиялари" ҳамда "Мехатроника ва робототехника" йўналишлари бўйича талабалар қабул қилинади. Бундан ташқари, жорий йилда институтда Хитой тили маркази очилиши ҳам режалаштирилган. Ҳамкорлик нафақат қоғозда — амалда ҳам намоён бўлмоқда. 2026 йил 7–16 июль кунлари институтимиз ўқитувчилари Равшанбек Дадабоев ва Иброҳимжон Абдуллаев Хитойнинг Хефей шаҳрида "Янги энергия манбали автомобилларнинг асосий технологиялари" мавзусидаги халқаро малака ошириш дастурида иштирок этмоқда. Дастур давомида улар BYD ва CHANGAN каби етакчи автомобиль ишлаб чиқарувчиларнинг заводларига ташриф буюриб, электромобиль технологиялари, батарея тизимлари ва интеллектуал транспорт ечимлари билан яқиндан танишди. Бу тажриба дарсхоналарда эмас — реал саноат муҳитида ортирилган билим.

Олий таълимнинг ҳақиқий мезони — битирувчи ҳаётда ўз ўрнини топа оладими, деган саволга жавоб. Бу борада ҳам аниқ рақамларимиз бор. Жорий йил 1минг 766 нафар битирувчимиз таълим олди. Шундан 1 минг 693 нафари — 95,9 фоизи — бандлиги таъминланган ҳолда чиқди. Қолган 73 нафар эса таълимнинг кейинги босқичида — магистратура ёки докторантурада — ўқишни давом эттиришни маълум қилди. Бу натижалар тасодиф эмас. Президентимиз ёшлар билан ўтказган мулоқотда мамлакатда 90 мингга яқин битирувчи мутахассислиги бўйича иш топа олмаётганини таъкидлади ва бу муаммони ҳал этиш учун 100 миллион доллар ажратишини билдирди. Биз эса шу долзарб масалага масъулият билан ёндашдик — саноат корхоналари, хусусий компаниялар ва давлат ташкилотлари билан узвий ҳамкорлик орқали битирувчиларимизни иш билан таъминлашни устувор вазифага айлантириб қўйдик.

Кечаги натижалар эртанги режа учун асос. Март-апрель ойларида сунъий интеллект, робототехника, дрон ва киберхавфсизлик йўналишларида "Олийгоҳ кубоги" мусобақасини ўтказиш, энг яхши стартап лойиҳаларни тижоратлаштиришни жадаллаштириш кўзда тутилмоқда. Келгуси ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим мактабларининг битирувчи синф ўқувчилари ўртасида муҳандислик олимпиадалари ва танловлари ўтказиш режалаштириляпти.

Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир сўзи, таклиф ва топшириқларини тинглаб, ёшлар билан ишлашда кўламни кенг, марани янада баланд олиш лозимлигини яна бир карра англаймиз. Бугунги ёшларнинг орзу-интилишлари, ўсиб бораётган диди ва талабига жавоб бериш — бизнинг бурчимиз. Андижон давлат техника институти ана шу бурчни сидқидилдан адо этишга қатъий азм қилган.

Умид Турдиалиев,

Андижон давлат техника институти ректори,

техника фанлари доктори, профессор.