Андижонда

Мукофот муборак: “ҒАЛАБА”НИНГ ҒОЛИБ ЖУРНАЛИСТИ


06.07.2022   496

Шаҳзодахон Каримова... бу ном ортида матбуотга нисбатан ўзгача ардоқ, касбга садоқат мужассам. Фаолиятимиз давомида кўп ҳамкорлик қилганмиз. Мен бу ижодкор тимсолида она юртга, айниқса, туғилиб ўсган қишлоғи Балиқчига бўлган меҳр-муҳаббат юқори эканини сезганман.

Бугун фахр билан айтишим мумкинки, ўзбек матбуотида туманимиз нашри “Ғалаба”нинг алоҳида ўрни бор. Таҳририятнинг кўплаб танловларда ғолиб бўлиши унинг фаол фаолиятда эканидан дарак.

Газетачилик заҳматли меҳнат, ҳар бир сўз, жумла устида бош қотириш, туман ижтимоий ҳаётига доир тезкор хабарлар, таҳлилий мақолалар тайёрлаш машаққатини зиммасига олган таҳририят ходимларининг саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқ. Албатта, жамоадаги ижодий-маънавий муҳитни яратиш жамоа раҳбарига боғлиқ. Муҳаррир Шаҳзода Каримова газетанинг мазмун-мундарижасини юқори савияда таъминлабгина қолмай, ҳар йили жамоани тарихий шаҳарларга саёҳатга олиб чиқади, янгилик яратиб, фидойилигини амалда намоён этиб келади. Унинг жонкуярлигига кўпчилик ҳавас қилади десам, муболаға эмас.

Янги Ўзбекистонда янгича дунёқарашлар шаклланган бир шароитида газеталар замонавий қиёфага эга бўлиб бормоқда. Айнан бугун интернет журналистикаси газеталарни рақобат майдонида ортда қолдирган бўлса-да, тарихийлик жиҳатидан, ишончли ахборот манбаи сифатида барибир ўз аҳамиятини йўқотмайди.

Шаҳзодахон Каримова 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Таҳриятда у ўзига хос тажриба мактабини ярата олди, дея фахр билан айта оламиз.