Атрофга назар

Мулоҳаза: Яна ўша эски мавзу: "Газета ўқимайман", дейдиганларга мурожаат


23.11.2023   353

Интернет тармоқларида ҳамма ўз фикрини очиқ-ойдин ёза олиш (исми беркитилган ҳолда) имконияти берилгандан сўнг, ўртага

"ура-ур" мавзу ташланиб, комментарияда қаҳрамонлик кўрсатадиганлар кўпайиб кетди.

Дилимни хира қилгани - қайсидир блогер мажбурий обуна масаласини ақллиларча олиб чиқган. Ортидан газета тугул мактаб даврида қўлига китоб ушламаганлар босма нашрлар устидан мағзава ағдариш билан банд.

Дарров ҳокимият ва у ерда ишловчиларни ҳам қўшиб-чатиб ёмонлашга тушилади. Бир инсоннинг газета ўқимаслигига бутун тизимни сабаб қилиб, куракда турмайдиган гаплар айтилади. Айби - мажбурий обуна қилдиргани.

Юқоридагиларнинг меҳнати, югур-югури ҳеч кўзга кўринмайди. Ўнта оқнинг орасидан албатта битта қорасини топиб, айюҳаннос солишдан чарчашмайди.

Хоп сиз газетани зерикарли деб биласиз, хабарлари тезкор эмас дейсиз, маънавий озуқа олгингиз келмайди, лекин бирор нима ўқийсизми ўзи? Умуман олганда интернетда ҳам фойдали, илмий мақолалар, тилга оид, сиёсатга оид мунозараларни кузатасизми? Дунё янгиликлари, кашфиётлар, тарих, космос - қай бири қизиқтиради, айтинг?

Йўқ, сиз бу саволларга жавоб бера олмайсиз. Сизни кўчадаги ҳавойи гаплар, савиясиз видео контентлар, тутуриқсиз сериаллар қизиқтиради. Чойхонага, гап-гаштакка пул сарфлашдан ҳеч оғринмайсиз. Тўйларда пул сочишлар, беъмани харажатлар, исроф ҳақида ўйламайсиз. Аммо шу харажатингиздан озгинагина қисмини маънавий озуқа олишга сарфлагингиз келмайди.

Яна ўқимаслигингизни баралла овоза қилиб уялмайсиз. Майли газета ўқиманг. Китоб ўқиманг. Бу сизни шахсий ишингиз. Лекин илтимос, ўқимаганга яраша илм одамлари ортидан ҳар хил гап қилманг.

Озгина маошга туни билан кўз юммай меҳнат қилаётганлар бор газетада. Ҳалол ризқини қалами ортидан топаётганлар бор газетада. Кимдан кам, кимдан кўп топиб, ҳаётидан рози яшаб ўтганлар бор газетада.

Ўқимасангиз ўқиманг, лекин покиза номини қора қилаверманг умрида газета ўқимаганлар, умрида газета ушламаганлар!!!

Газета ходими.