Андижонда

Муносабат: БАРЧАМИЗ УЧУН ВАТАН БИТТА


07.07.2022   483

Халқимиз азалдан қорақалпоқ эли билан қондош ва қардош. Шунинг учун ҳам Қорақалпоғистон Республикасида содир бўлган кўнгилсиз воқеалар барчани бирдек ташвишга солди. Айниқса юртимизнинг барча ҳудудларида катта сиёсий жараён, яъни Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ муҳокамаси давом этаётган бир пайтда бундай хавотирли вазиятнинг юзага келиши барчамизни янада ҳушёрлик ва узоқни кўзлаб, ақл билан иш тутишимиз лозимлигини кўрсатмоқда. Албатта конституциявий ислоҳотлар давр талаби эканлиги билан бир қаторда миллати, дини, эътиқодидан қатъи назар Ўзбекистонда яшаётган барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада мустаҳкамлаш, энг асосий ҳаёт тамойилига айланаётган “инсон қадри учун” деган эзгу ғояни амалда қарор топтиришга қаратилганлиги билан эътиборга моликдир.

Давлатимиз раҳбарининг ташвишли воқеалар содир бўлган кунлари Қорақалпоғистонга бўлган ташрифлари ҳамда ўз вақтида принципиал ва қатъиятлилик билан жуда қалтис вазиятда одилона йўл тутганликлари бугунги кунда бутун дунёда эътироф этилмоқда. Албатта, Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклаш, ҳудудни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тадбирларида ҳам икки қардош халқ бирдек жонкуярлик билан фаолият олиб бораётганини айтиш жоиз. Масалан. биргина бир пайтлар ночор аҳволга тушиб қолган Мўйноқ бугун бутунлай янгича қиёфа касб этиб, жадал ривожланиб бораётган замонавий туманлардан бирига айланганини яққол кўриш мумкин.

Яна шуни мамнуният билан таъкидлаш керакки, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масаласи биринчи марта давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Денгизнинг қуриган қисмида 1 миллион 733 минг гектар майдонда яшил ҳудудлар барпо этилди. Ушбу ҳудуднинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини тиклаш бўйича беш йиллик миллий дастур ишлаб чиқилмоқда. Бундай эзгу ишларнинг барчаси қорақалпоқ эли фаровонлиги, саломатлиги муҳофазаси, тараққиёти, ўзаро дўстлик ва қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

Бугунги таҳликали давр барчамиздан дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, мамлакатимизда барқарор ва бардавом тараққиётни таъминлаш, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини, унинг эртанги кунга бўлган ишончини оширишни талаб қилмоқда. Фақат шу йўлгина турли таҳдид ва хавф-хатарларга муносиб жавоб бериш, бузғунчи ғояларга қарши жамиятимизда, аввало, ёшлар қалбида мустаҳкам иммунитет яратиш, демократик ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмасдан янада самарали натижаларга эришишни ўзида ифода этади.

Муҳтарам Президентимиз қайд этганларидек, “Барчамиз учун Ватан битта. Бизни ягона, улуғ бир мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигидир. Барчамиз биргаликда Янги Ўзбекистон ва Янги Қорақалпоғистонни албатта барпо этамиз!”

Абдулфатто ЭГАМБЕРДИЕВ,

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети

юриспруденция йўналиши 3-босқич талабаси.