Муносабат: ДЕҲҚОН БОЙ БЎЛСА ЮРТ БОЙ БЎЛАДИ
11.08.2022 521
Кейинги йилларда мамлакатимизда пахтачилик тармоғи ривожига жиддий эътибор қаратилаётганлиги, соҳани давр талаблари асосида равнақ топтириш борасида зарурий ва долзарб чора-тадбирлар кўрилаётгани эътиборга молик.Бу эса, ўз навбатида, мазкур йўналишда фаолият олиб бораётган фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерларини ишида сифат ва самарадорликни, ҳосилдорликни янада оширишга замин яратяпти.
Туманимизда 2021 йилда пахтачилик соҳасида 274та фермер хўжалиги иш ташкил этди. Жами 6481 гектар пахта майдонидан 22600 тонна қимматбаҳо саноат хомашёси тайёрланди. Уруғлик учун 800 гектар майдонда парваришланган пахтадан 2000 тонна ҳосил йиғиштириб олинди.
“Эргашбой ота Абдулло”, “Сарвиноз парвоз”, “Исомиддин”, “Шояд”, “Карим сайёд”, Ўткирбек Шокиров”, “Бўривой сардор”,”Интеграл кванд” каби фермер хўжаликлари тасарруфларидаги майдонлардан мўл ҳосил етиштиришиб, пешқадам бўлишди. Улардан ибрат олган бошқа фермер-деҳқонларимиз ҳосилдорликни ошириш борасида астойдил тер тўкишмоқда.
Пахтакорларимизнинг жорий йилдаги шашти янада баланд. 268 та фермер хўжалиги аъзолари 6322 гектар майдонда парваришлаётган пахтадан 26279 тонна хом ашё йиғиштириш олишга аҳд қилишган. 800 гектар майдондаги пахтадан ҳам сифатли уруғлик олиш кўзда тутилмоқда. “ Олтин Мато” кластери ҳисобидаги 159 гектар пахтазорда ҳам кундан кунга ҳосил чўғи ортиб бормоқда.
Пахта йиғим-терими яқинлашаётган паллада Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан билдирилган хабар заршуносларимиз қалбига қувонч солди. Эндиликда ўрта тола навли пахта хомашёси минимал нархи ҚҚС билан бирга 10 025 минг сўмни, 1 тонна ингичка тола навли пахта хомашёси минимал нархи ҚҚС билан бирга 15 минг 120 минг сўмни ташкил этилишини жорий қилиниши муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Тегишли ҳужжат асосида тавсия этилаётган минимал нархдан келиб чиққан ҳолда пахта хомашёсини етиштирувчи ва уни қабул қилувчи субъектлар шартномавий муносабатлар доирасида пахта хомашёси нархларини ўзаро манфаатли келишув асосида мустақил равишда белгилайди. Бу, пахта етиштирувчи меҳнатининг қадри ортаётганидан, меҳнатига, тортган заҳматига яраша даромад топажагидан далолатдир. Халқимизда “Деҳқон бой бўлса юрт бой бўлади”, деган нақл бор. Фермерларимиз сердаромад бўлгани сари пахтачилигимиз янада юксалади, янги инновацион лойиҳалар рўёбга чиқади, иш ўринлари кўпаяди, шунинг баробарида қишлоқ аҳлининг дастурхони файзли, барокатли, турмуши фаровон бўлиб бораверади.
Азаматжон Ниёзов,
Пахтаобод тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси
