Андижонда

Муносабат: ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАР УЧУН ЯНГИ ВА КАТТА ИМКОНИЯТ ЯРАТИЛИШИГА ЗАМИН БЎЛАДИ


24.06.2022   282

- Айни давр Асосий Қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт Стратегиясидаги улкан марраларга, шиддатли ислоҳотлар ўзанига мослаштиришни талаб этмоқда. Зеро, кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган, жамиятимизни тубдан ўзгартираётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида белгилаб олинган залворли мақсадлар мужассам. Бу эса мустақил юртимизнинг бугуни ва эртасини ҳал қилувчи жараёнлар даврига кириб келганимизни яққол намоён қилмоқда.

Тақдим этилаётган ҳар бир таклиф замирида мамлакатимизнинг эртанги буюк ва ёрқин келажагига пойдевор борлигини алоҳида эътироф этиш керак. Хусусан, “Давлат иқтидорли ёшларни, уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, доимо қўллаб-қувватлашини” мустақил норма сифатида белгиланиши таклифи, ишонаманки, янги Ўзбекистон ренессанси бунёдкорлари бўлмиш иқтидорли йигит-қизлар учун янги имконият ва имтиёзлар эшигини очиб беради. Тўғри, бугун бундай имтиёзлар талайгина. Бироқ ушбу таклиф билан мавжуд имтиёзлар келгусида ҳам сақлаб қолиниши кафолатланади. Масалан, олий таълим муассасасига кириш учун имтиёзли грантлар жорий этилиши, икки ва ундан ортиқ фарзанди олий ўқув юртида шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредитининг берилиши, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан ёшлар хорижда малакаларини ошириши каби имкониятлар тўла сақлаб қолинади, такомиллаштирилади.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлашни истайман. Иқтидорли ёшлар фақат таълим, фанда эмас, балки тадбиркорлик, ҳунармадчилик ёки фермерликда ҳам муносиб ютуқларга эришган йигит-қизлар ҳамдир. Улар ҳам бу имкониятлардан четда қолмасликлари зарур. Сўнгги йилларда ёш тадбиркорлар сони 5 бараварга ортгани ҳам мазкур йўналишдаги ишларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани ишорасидир.

Бир сўз билан айтганда, ушбу норма келажак учун зарур. Ёшларнинг муносиб рағбатлантирилишлари, уларнинг орзу-умидларига қанот берилиши учун ҳам керакдир.

Расулжон КАРИМОВ,

Президент таълим муассасалари агентлиги

вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи