Атрофга назар

Муносабат: ҚОНУН ТАЛАБЛАРИ ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ - БИЗ УЧУН ОЛИЙ ҚАДРИЯТ


21.12.2022   184

Абдулфатто ЭГАМБЕРДИЕВ,

амалиётчи ҳуқуқшунос:

Муносабат: ҚОНУН ТАЛАБЛАРИ ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ - БИЗ УЧУН ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Ҳар йили тақдим этилаётган Президентимиз Мурожаатномаси бугунга келиб бу борадаги энг илғор хорижий амалиётга нафақат мос ва мутаносиб, балки намуна бўладиган яхши анъанага айланди.

Ўтаётган йилда мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида ижобий натижалар қўлга киритилди. Бу эса келгуси йилдаги янги вазифалар, янги ташаббусларга қанот бўлади, албатта. Жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш йўналишида ҳам тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Эндиликда эса қайд этилганидек, ушбу мезон давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланади.

Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўп ишлар қилинди. Лекин давлатимиз раҳбари ҳақ: одил судловни таъминлаш бўйича ҳали қўл етиб бормаган масалалар бор, айрим ҳолларда тергов сифати паст, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорларининг ижро этилмай қолаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Бу борада юртбошимиз томонидан белгиланган вазифалар мавжуд камчиликларни бартараф этишга замин бўлишига ишонамиз.

Мени қувонтирган жиҳатлардан яна бирини алоҳида таъкидлашни истардим. Давлатимиз раҳбари ҳанузгача давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни электрон танлаш тизими ишга тушмаганига танқидий баҳо бердилар. Ва бу масала ечими сифатида алоҳида назорат ҳамда тез кунларда ушбу тизимнинг тўлиқ ишга туширилишини таъминлашимизни кўрсатдилар. Дарҳақиқат, айни ташаббус фуқароларимиз учун жуда керак.

Бугунги кунгача прокурор томонидан амалга ошириладиган тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлаш санкциялари келгусида судга ўтказилиши ҳам кўплаб муаммоларга чек қўяди. Масалан, энди терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмайди. Бу эса хусусий мулк дахлсизлигини кучайтириш бўйича қилинаётган саъй-ҳаракатларга яна бир турткидир.

Инсон қадри улуғланган юртда яшаяпмиз. Ҳар қандай вазиятда, ҳар қандай шароитда турган инсон қадри, манфаатлари ҳамиша баланд. “Тергов шахсни айблаш учун эмас, жиноятни фош этиш орқали ҳақиқатни аниқлаш учун ишлаши керак”, деган давлатимиз раҳбари тергов сифатини ошириш бўйича ҳам тизимли чоралар кўрилишини таъкидладилар.

Президентимиз қайд этганларидек, “қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – биз учун олий қадрият”дир.