Андижонда

Муносабат: ТАРИХИЙ ТАНЛОВДА ХАЛҚНИНГ ХОҲИШ-ИРОДАСИ ИФОДА ЭТАДИ


21.06.2022   968

Бугун биз муҳим сиёсий ислоҳотлар даврида яшаяпмиз. Бошланаётган янги даврдаги ўзгаришларга фуқаролар бефарқ эмас. Улар Асосий қонунимизни такомиллаштириш жараёнида ташаббускор бўлиб, таклиф ва мулоҳазаларини эркин ифода этишмоқда.

Юртимизда ҳамма нарса инсон учун, унинг бахт-саодати учун, деган тамойил ҳаёт тарзимизга сингиб улгурди. Мана шу имкониятлар яратиш йўлидаги хайрли ишлар тизимли тарзда конституциямизда ўз ифодасини топиши керак, деб ҳисоблайман.

Мамлакатимизжадал тараққиётимиз туфайли юксакликка ва иқтисодий мустаҳкам давлат даражасига кўтарилди. Ҳудди шу даврда бугунги куннинг замонавий ибораси бўлган ижтимоий жамият, ижтимоий давлат барпо этиш йўлидаги фикрлар илгари сурилмоқда. Ижтимоий давлатда барча фуқароларнинг илм олиши, жамиятдаги иштироки, меҳнат ваколатларитенг ҳуқуқлилик асосида кафолатланади. Яратилаётган шароитлардан барча учун баробардир. Ва унда ҳар бир фуқаронинг фаол бўлиши талаб этилади.

Айниқса, ногиронларга бўлаётган бугунги эътибор, олиб борилаётган ислоҳотлар Конституциямизда мустаҳкам ифодасини топиши зарур. Кимнингдир айби билан содир бўлган никоҳлар ёки ҳаёт тарзи ва ишлаб чиқаришдаги фалокатлар ва тасодифий жароҳатлар...Улар сони Ўзбекистонда 1 миллион деб олиняпти. Бу жиддий рақам ортида миллион инсоннинг тақдири турибди.

Қўрғонтепадаги “Мурувват” болалар уйига тез-тез ташриф буюраман. Ногирон болажонларнинг тақдири билан қизиқаман. Уларнинг аксарияти яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг “меваси” эканлиги аянчли. Такомиллашаётган Бош Қомусимизда мана шундай никоҳларга қатъиян чек қўйиш масаласи акс этишини хоҳлардим.

Президентимиз Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги нутқида: “Бош қомусимизда боланинг манфаатлари, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратиш устувор йўналишлардан бири сифатида ўз аксини топиши зарур”, дея алоҳида эътибор қаратдилар.

Халқимиз ғоят муҳим ва ҳал қилувчи тарихий танлов олдида турибди. Жараёндаги иштирокимиз билан ўзимиз, оиламиз, фарзандларимиз мана шу муқаддас заминда янада эркин ва фаровон яшаши учун мустаҳкам пойдевор яратамиз.

Шукуржон МАМАТҚУЛОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони,

иқтисод фанлари номзоди, профессор.